Тошкент ҳокими кредит ва субсидия учун миллиардлар ажратди
Айрим фуқароларнинг дастлабки бадал пуллари қопланади ва субсидия ажратиб берилади.
Тошкент шаҳар ҳокими айрим фуқароларнинг дастлабки бадал пулларини қоплаш ва субсидия ажратиб бериш учун жами 74,2 млрд. сўм ажратди.
Пуллар президентнинг 2023 йил 13 апрелдаги “2023-йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармонига асосан ўтказилди.
Хусусан, Тошкент шаҳрида 1800 нафар даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларга маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ипотека кредити бўйича дастлабки бадал қисмини қоплаш учун 57,6 млрд. ва ипотека кредити бўйича фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун 12,7 млрд. сўм ажратилди.
Шунингдек, 120 нафар даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадал қисмини қоплаш учун 3 млрд. 840 млн. сўм маблағлари сарфланади.