Тошкент бозорларида тижорий тасвирга олиш пулли бўлди
Бозорлар жамоат жойи ҳисобланади, пулли парковка можаросидан кейин пойтахт ҳокими янги ўлпон жорий қилмоқда.

Тошкентдаги бозорлар ва савдо комплекслари ҳудудида тижорий мақсадда (видеоролик, реклама ёки клип) суратга олиш учун янги тўлов тартиби жорий этилди.
Эндиликда бундай турдаги видео/тасвирга олишнинг бир соати учун 5 миллион сўм миқдорида тўлов ундирилади. Бу чеклов хорижий туристлар ва оммавий ахборот воситаларига татбиқ этилмайди.
Ўзи пулли парковкалар можаросидан ҳали тўлиқ қутулиб улгурмаган Тошкент шаҳар ҳокимининг ушбу қарори янги муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Шунингдек, бозорлар автотураргоҳларида енгил автомобиллар учун янги тўлов тарифларини тасдиқланган. Унга кўра, ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари учун алоҳида, юқорироқ тўлов миқдорлари жорий этилган. Масалан, дам олиш кунлари 3 соатгача сақлаш 25 минг сўмни, 4 соатдан ортиқ вақт эса 50 минг сўмни ташкил этади.

