Тошкентда 15 августдан "Мактаб бозорлари" ўз фаолиятини бошлайди
Бу ҳақда шаҳар ҳокимининг янги қарори эълон қилинди. Ҳужжатда мактаб бозорлари ташкил этиладиган жойлар маълум қилинган.

Тошкентда 15 августдан "Мактаб бозорлари" ўз фаолиятини бошлайди. Бу ҳақда 5 август куни Тошкент шаҳар ҳокимининг янги қарори эълон қилинди.
Қарорга кўра, янги ўқув йили олдидан ота-оналар ва ўқувчиларга қулайлик яратиш ҳамда зарур маҳсулотлар ҳамёнбоп ва етарли миқдорда бўлишини таъминлаш мақсадида 2026-йилнинг 15 августидан 1 октябрига қадар пойтахтдаги умумтаълим мактабларида, деҳқон бозорларида ҳамда йирик савдо комплексларида вақтинчалик "Мактаб бозорлари" ташкил этилади.
Пойтахтдаги 14 та йирик бозор ва савдо мажмуаларида жами 256 та савдо ўрни ажратилади. Ушбу расталар қуйидаги манзилларда жойлашади:
«Эски жўва деҳқон бозори» — 40 та жой (бозор ҳудудидаги 8 қирра катта зинадан тушган жойда, ТИМ-1, ТИМ-2 ва очиқ метро атрофида);
«Чилонзор буюм савдо комплекси» — 40 та жой (савдо комплекси ҳудудида);
«Авиасозлар деҳқон бозори» — 35 та жой (автотураргоҳ ҳудудидаги майдонларда);
«Сергели деҳқон бозори» — 33 та жой (Сергели-2, 4, 6, 7 мавзелари, ер ости ўтиш йўли, Сергели-1 шохобчаси ва Қўйлиқ-5 мавзесида);
«Чилонзор деҳқон бозори» — 20 та жой (Бунёдкор ва Фарҳод кўчалари кесишуви, Катта Чилонзор-3 МФЙ);
«Ўрикзор савдо комплекси» — 18 та жой (асосий кириш дарвозасининг чап томонида);
«Фарҳод деҳқон бозори» — 15 та жой (Фарҳод кўчаси-30, ярмарка орқа томони ва асосий кириш дарвозаси ёнида);
«Юнусобод деҳқон бозори» — 15 та жой («Юнусобод деҳқон бозори» АЖ ҳудудида);
«Наврўз деҳқон бозори» — 12 та жой (асосий бозор ҳудудида);
«Миробод деҳқон бозори» — 10 та жой (Авлиёота кўчаси, бозор кириш қисмида);
«Қўйлиқ деҳқон бозори» — 6 та жой (бозор ҳудудидаги бўш майдонларда);
«Аския деҳқон бозори» — 5 та жой (Шота Руставели кўчаси томонидан кириш ва орқа кириш қисмида);
«Чорсу буюм савдо комплекси» — 5 та жой (асосий кириш қисмида ва ДМ-74 атрофида);
«Қорақамиш деҳқон бозори» — 2 та жой (Тансиқбоев шохобчасида).
Мактаб ярмаркалари бўладиган умумтаълим мактаблари қуйидаги жадвалда келтирилган.

