Оғир жиноятда айбланаётган шахс тўсатдан ИИББда вафот этди

Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан текширув ўтказилмоқда.

Жамият
14 август 2023 йил
Оғир жиноятда айбланаётган шахс тўсатдан ИИББда вафот этди

Тошкент шаҳар ИИББда оғир жиноятда айбланаётган шахс вафот этди. ИИББ матбуот хизмати эса унинг тўсатдан вафот этгани ҳақида маълумот бермоқда.  

Айтилишича, Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси томонидан Тошкент шаҳри худудида ўта оғир турдаги жиноятларни содир этган уюшган жиноий гуруҳнинг жиноий фаолиятини фош этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 137-моддаси 2-қисми “в” банди (“Одам ўғирлаш”), 165-моддаси 3-қисми “а” банди (“Товламачилик”) ва 277-моддаси 2-қисми “б” банди (“Безорилик”) билан қўзғатилган жиноят иши доирасида, тезкор-тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг 29 июль куни соат 22.00ларда Яккасарой тумани Шота Руставели кўчаси “Биродарлар қабристони” ҳиёбони олдида 7-8 нафар шахслардан иборат бўлган жиноий гуруҳ 1986 йилда туғилган фуқаро М.Р.ни уриб-дўппослаб, сўнг автоуловга мажбурлаб ўтказиб, номаълум хонадонга олиб бориб, жабрланувчини эркига зид равишда ушлаб туриб, унга нисбатан куч ишлатган ҳолда пул талаб қилганлар. Шунингдек, жабрланувчига тазйиқ ўтказган ҳолда, Туркия давлатида бўлган номаълум шахслардан гўёки 860 минг АҚШ доллари миқдорда қарз олганлиги ҳақида мажбурлаб тилхат ёздириб олишган.

Шунингдек тергов жараёнида аниқланишича, жорий йилнинг июнь ойида ушбу жиноий гуруҳ аъзолари томонидан тадбиркорлик билан шуғулланувчи фуқаро М.Р.ни Туркия давлатида бўлган даврда 2 кун давомида эркига зид равишда номаълум хонадонда мажбурлаб ушлаб туриб, жабрланувчига тазйиқ ўтказиш йўли билан ота-онаси номидаги Тошкент вилояти Қибрай туманидаги 300 минг АҚШ долларига тенг бўлган 2 та ҳовлини жиноий гуруҳ аъзолари номига расмийлаштиришга эришганлар. Жабрланувчи шахс ушбу жиноий гуруҳнинг тажовузлари ва тазйиқларидан қўрқиб, мазкур ҳолат ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёки тиббиёт муассасаларга мурожаат қилмай келган, бироқ жорий йилнинг 31 июль куни соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли, шифохонага “Бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, ўнг яноқ суяги синиши, танасида кўплаб шилинган жароҳатлари” ташхиси билан ётқизилган.

Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлигида ўтказилган бир қатор тезкор тадбирлар натижасида, мазкур уюшган жиноий гуруҳ аъзоларидан 2 нафари, яъни 1990 йилда туғилган У.Д. (муқаддам ЖКнинг 164-моддаси (“Босқинчилик”) ва 166-моддаси (“Талончилик”) билан судланган) ҳамда 1991 йилда туғилган Ф.Х. (муқаддам ЖКнинг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) ва 176-моддаси (“Қалбаки пул ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш”) билан судланган)лар аниқланиб, қўлга олинганлар. Жиноий гуруҳнинг қолган аъзоларини аниқлаш ва ушлаш чоралари кўрилмоқда.

Жорий йилнинг 12 август куни гумонланувчи У.Д.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 224-моддаси асосида баённома расмийлаштириш жараёнида у ўзини ёмон ҳис қилаётганлигини айтиб, тўсатдан йиқилиб ҳушини йўқотган. Ҳолат бўйича тез-тиббий ёрдам чақиртирилиб, ИИО ходимлари томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган, бироқ тез-тиббий ёрдам келгунга қадар У.Д. ҳушига келмай вафот этган. Бирламчи ташхисга кўра гумонланувчининг ўлими “Жигар циррози оғир стадияси, ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги” оқибатида юзага келган, дейилади ИИББ хабарида.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан текширув ўтказилмоқда, У.Д.нинг ўлим сабабини аниқлаш бўйича тегишли судга оид тиббий-экспертиза тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Чилонзорда, Бўкада ва Қўқонда ҳам маҳбуслар ИИБда вафот этганди. 

telegram
telegram

Телеграмда кузатиб боринг!

Platina
© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+