platina.uz

“Док-1 Макс”дан айтилганидан уч баравар кўп бола ҳалок бўлган

Олий суд жиноят иши юзасидан янги маълумотларни эълон қилди. 

Жамият
10 август 2023 йил
“Док-1 Макс”дан айтилганидан уч баравар кўп бола ҳалок бўлган

“Док-1 Макс” дори воситасидан 65 нафар ёш бола вафот этган. Бу ҳақда дори иши бўйича тасдиқланган айблов хулосасида маълумот берилмоқда.

Олий суд матбуот хизмати жиноят иши юзасидан янги маълумотларни эълон қилди.

Айтилишича, Тошкент шаҳар судининг иш юритувига С. Р. П. (эркак, 1972 йилда Ҳиндистон Республикасида туғилган, “Quramax Medikal” МЧЖ директори), С. К. (эркак, 1982 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, бир вақтда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ва унинг ҳузуридаги “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК директори лавозимларида ишлаган) ва бошқаларга (жами 21 киши: “Quramax Medikal” МЧЖ ва “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК масъул ходимлари) оид жиноят иши келиб тушган бўлиб, уни кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни жорий йилнинг 11 август куни соат 10.00 да бошланиши белгиланди.

Айбланувчиларнинг 16 нафари эркак ва 5 нафари аёл бўлиб, уларнинг 7 тасига “қамоққа олиш”, 12 тасига “муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат” ва 2 тасига “гаров” тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.

Улар Жиноят кодексининг 184, 28,186-3, 186-3, 25,205, 205, 207, 28,209, 209, 210, 211, 212, 228-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил декабрида Гамбияда 66 бола Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган йўтал сиропи қабул қилиниши ортидан вафот этганди.

Ўзбекистонда ҳам ўтган йили охирида йигирмадан зиёд бола “Aмбронол” ва “ДОК-1 Макс” сироплари истеъмолидан сўнг вафот этгани айтилганди. ДХХ 2022 йил декабрда ҳолат юзасидан жиноий иш очганди.


© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+