Тошкент метросидаги оғриқлар: қачон талабга мос шароит бўлади?
“Тўрт мучаси соғ инсонлар билан бир қаторда имконияти чекланганлар учун метро станцияларида яратилган қулайликлар қай даражада?”. Platina.uz бугун айни ушбу мавзуга тўхталади.
Тошкент шаҳридаги 31 та ерости метро станцияларининг 17 тасидагина пандуслар мавжуд бўлиб, уларнинг ҳаммасини ҳам 100 % талабга жавоб беради деб айта олмаймиз.
“Тўрт мучаси соғ инсонлар билан бир қаторда имконияти чекланганлар учун метро станцияларида яратилган қулайликлар қай даражада?”. Platina.uz бугун айни ушбу мавзуга тўхталади.
“Тошкент метрополитени” нафақат жамоат транспорти, балки юртимизнинг маданий мероси ҳисобланади. Тошкент шаҳри аҳолиси ҳамда пойтахт меҳмонлари учун қулай, арзон саналган мазкур транспорт воситасидан имконияти чекланган фуқаролар эмин-эркин ва энг асосийси текин фойдаланиш ҳуқуқига эга. Бироқ ногиронлик аравачасида келган аҳоли ерости метро бекатларига кириб чиқишда албатта кимларнингдир ёрдамига таяниши ҳеч кимга сир эмас. Яхшиямки, метрода бекат навбатчиси ёки ички ишлар ходими бор. Пайти келса уларнинг, баъзида оддий аҳолининг кўмаги билан имконияти чекланганларнинг оғири енгил бўлмоқда.
Бекат навбатчиси Суннатбек Улашев сўзларига кўра, "Абдулла Қодирий" метро станциясига кўпроқ кўзи ожизлар келади. Умуман имконияти чекланганлар келишидан олдин уларга хабар берилади, дейлик 4-вагоннинг охирги эшигида деб. Сўнгра ўша вагондан келган йўловчини метро навбатчилари милиция ходимлари билан бирга бекат ташқарисигача кўтариб, чиқариб қўйишади. Бу уларга бироз ноқулайлик туғдирса ҳам қўлдан келганича ҳаракат қилиб, вазифасини бажаришади.
“Чилонзор метро бекати”да фаолият юритувчи Нодир Солиҳов айтишича, бир кунда ўртача 2-3 та кўзи ожиз ёки аравачада келадиган имконияти чекланган йўловчилар метродан фойдаланиб туришади.
Шу ўринда савол туғилади: Имконияти чекланганларнинг ҳақли ҳақи бўлган пандуслар метро бекатларига қачон ўрнатилади? Қачонгача улар метрога тушиб чиқишда бошқаларнинг ёрдамидан фойдаланиб истиҳола қилиши керак?
Бу борада “Toshkent metropoliteni” ДУК матбуот хизмати ходими Мўтабар Шукурова қуйидагича изоҳ берди: Пандуслар белгиланган техник талабларга жавоб бермаслиги ва бошқа ерости бекатларида ҳам пандусларнинг йўқлиги сабабли, чет эл тажрибаларини ўрганиб бир қарорга келган ҳолда мутасаддилар томонидан энг муқобил вариант сифатида янги лойиҳа ишлаб чиқилиб, тез орада йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида амалга оширилади ва бундан имконияти чекланган йўловчиларимиз ҳам бемалол фойдаланишлари мумкин бўлади.
Сўнги йилларда Пойтахтимизда метро линияларининг кенгайиши эвазига ундан фойдаланувчилар сони ҳам тобора ортиб бормоқда. Эски ерости метро бекатларидан фарқли ўлароқ ерусти метро қатновида ана шу сингари қулайликлар аҳоли учун яратилган. Бу албатта қувонарли жиҳат. Барча ерусти бекатлари замонвий лифтлар ва эскалатрлар билан таъминлаган. Шунингдек “Toshkent metropoliteni”нинг ерости бекатларининг аксариятида ҳам эсколатрлар мавжуд. Қолаверса, имконияти чекланган йўловчилар учун оёқ остида махсус бўртма қилиб ишланган қисмлар уларнинг платформа четига тушиб кетмаслиги учун огоҳлантириш вазифасини ўтовчи хавфсизлик чораси саналади.
Метрополитендаги пандуслар билан боғлиқ муаммонинг конкрет ечими сўралганда масъуллар албатта муаммо бартараф этилишини айтиб ўтишмоқда, бироқ уни қачон амалга ошириш ҳамон жавобсиз қолмоқда. Асос эса ривожланган давларлар метрополитенлари тажрибасини ўрганиш. Нима хориж тажрибасини ўрганиш учун йиллар керак бўладими?
Гўёки масъулларнинг бу тарзда жараённи пайсалга солишининг жабрини йўловчилар тортиши керакдек назаримизда.
Россиянинг “Метровагонмаш” АЖдан келтирилган ҳаракат таркиблари, замонавий ва қулай саналади. Аммо “гуруч курмакциз бўлмайди” деганларидек ушбу метро вагонларининг баъзи бирларида куннинг иссиқ палласида совутиш тизими деярли ишламаяпти. Ушбу муаммо ечими сўралганда масъуллар “тез фурсатларда буни бафатараф этамиз” дея изоҳ беришди. Берилган вадалар ижроси янада тезроқ амалга ошиши учун жўмарт соҳа масъулларининг ўзлари ҳарорат юқори кунларда, метродан фойдаланиб туришса мақсадга мувофиқ бўлармиди?
Пандуслар муаммосига қайтсак бу борадаги меъёрларнинг ишлаши, ишлатилиши ва ишлаттирилишини ўйлайдилар гўёки имконияти чекланганларни деярли ўйламаётгандек. Биз бугун ушбу муаммо юзасидан “Toshkent metropoliteni” масъулларигагина ойна тутдик.
Аслида имконияти чекланганлар учун яратилиши лозим бўлган имтиёз ва қулайликлар борасидаги муаммолар кўча-куйда ҳамда бошқа жамоат транспортларида талайгина. Platina.uz бу борадаги муаммоларга кейинги лавҳаларда алоҳида тўхталади.
Аббос Имомов