Ҳозир “Толибон” билан муносабат ўрнатиш вақти эмас – БМТ Бош котиби

Қатар пойтахтида Афғонистон бўйича ўтказилган Халқаро конференцияда “Толибон” ҳаракати расман тан олинмади. БМТ томонидан ташкил этилган, Афғонистон олдида турган муаммолар юзасидан консенсусга эришишга бағишланган ушбу анжумандан сўнг БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш “ҳозир “Толибон” билан муносабат ўрнатиш вақти эмас”, дея баёнот берди.

Жаҳон
4 май 2023 йил
Ҳозир “Толибон” билан муносабат ўрнатиш вақти эмас – БМТ Бош котиби

"Бу учрашув “Толибон”ни де-факто тан олиш эмас, балки умумий халқаро ёндашувни шакллантириш мақсадида ташкил этилди", — деган Бош котиб.

Ёпиқ форматда ўтказилган мазкур халқаро анжуманда 20 га яқин давлатларнинг вакиллари иштирок этишди. Конференция Афғонистон олдида турган муаммолар – гуманитар инқироз, аёлларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва террорчиликка қарши кураш масалаларида халқаро “ўйинчилар”нинг ҳаракатларини мувофиқлаштиришга қаратилган.

Гутерриш “Толибон” раҳбариятининг аёлларнинг ҳуқуқларига тажовуз қилаётгани, жумладан, хотин-қизларнинг мактаб ва олий ўқув юртларида таълим олишлари тақиқланганини қаттиқ қоралади. Бу чекловлар толиблар билан расмий алоқалар ўрнатишга тўсқинлик қилаётган асосий муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.

"Ал-Жазира"нинг муҳаррирларидан бири Жеймс Бэйс Дохадан амалга оширган репортажларидан бирида конференция бирор сезиларли натижага эришмаганини таъкидлади. Бэйснинг сўзларига кўра, анжуманда, эҳтимол, 3-6 ойдан кейин яна бир шундай анжуман ўтказиш эълон қилинган холос.

Толиблар ушбу 2 кунлик халқаро конференцияга таклиф этилмаганидан норозилик билдирди. “Толибон”нинг БМТдаги вакили Сухейл Шахиннинг айтишича, Афғонистондаги муаммолар фақат толиблар иштирокида муҳокама қилиниши лозим.

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+