"Фақат қарор қабул қиладиган эмас, уни амалга оширишга қодир БМТ керак": Саида Мирзиёева БМТ минбарида нуқт сўзлади
Президент Администрацияси раҳбари миллий чегараларни тан олмайдиган глобал таҳдидларга ҳеч бир давлатнинг ёлғиз ўзи қарши тура олмаслигини қайд этди. Унинг таъкидлашича, бугун БМТ ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ зарур. Саида Мирзиёева ташкилотни ислоҳ қилиш зарурлигини билдириб, ташкилот қарорларни қабул қилиш ва уларни амалга оширишга қодир, ҳар бир давлатнинг овози эшитиладиган тузилма бўлиши кераклигини айтди.

24 сентябр куни Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Америка Қўшма Штатларининг Нью-Йорк шаҳрида, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бош штабида бўлиб ўтаётган кенгайтирилган 81-Бош Ассамблеясида нутқ сўзлади. Унда Саида Мирзиёева бир қанча глобал ва долзарб масалаларга тўхталди.
Хусусан, Президент Администрацияси раҳбари дунё ҳамжамиятига кучли ва ҳар бир мамлакатнинг овозини эшитадиган ташкилот кераклигини билдирди.
“Бизга фақат қарор қабул қиладиган эмас, қарорларни амалга оширишга қодир БМТ керак. Бизга ҳар бир давлатнинг овози эшитиладиган БМТ керак”, дея қайд этди Саида Мирзиёева.
Президент Администрацияси раҳбарининг сўзларига кўра, Ўзбекистон БМТ бош котибининг ташкилотни замон талабларига мослаштиришга қаратилган BMT-80 ташаббуси доирасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, Саида Мирзиёева ташкилотнинг хавфсизлик масаласи бўйича тузилмасини кенгайтириш таклифини илгари сурди.
Саида Мирзиёева нутқининг аввалида бугун дунё мамлакатлари олдига тобора кўпроқ қўйилаётган «Сиз қайси томондасиз?» деган саволни тилга олди. Унинг таъкидлашича, урушлар ва ўзаро ишончсизлик кучайиб бораётган шароитда Ўзбекистон очиқлик, яхши қўшничилик ва мулоқот йўлини танламоқда.
«Ўзбекистоннинг бу саволга жавоби аниқ. Биз инсон қадр-қиммати томонидамиз. Биз тинчлик, тараққиёт ва инсон қадр-қимматини ягона вазифа сифатида кўрамиз», — деди у.
Президент Администрацияси раҳбари миллий чегараларни тан олмайдиган глобал таҳдидларга ҳеч бир давлатнинг ёлғиз ўзи қарши тура олмаслигини қайд этди.
Шу муносабат билан, унинг таъкидлашича, бугун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ зарур. Саида Мирзиёева БМТни ислоҳ қилиш зарурлигини билдириб, ташкилот қарорларни қабул қилиш ва уларни амалга оширишга қодир, ҳар бир давлатнинг овози эшитиладиган тузилма бўлиши кераклигини айтди.
У БМТ Бош котибининг "БМТ-80" ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдириб, Хавфсизлик Кенгаши таркибини замонавий воқеликни ҳисобга олган ҳолда кенгайтириш тарафдори эканини таъкидлади. Саида Мирзиёеванинг айтишича, Ўзбекистон 2027 йилда Қўшилмаслик ҳаракатига раислик қилади. Ушбу даврни кескинлик кучайган шароитда мулоқот майдонини кенгайтириш имконияти сифатида кўриш мумкин.
Шунингдек, Ўзбекистон БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2035–2036 йиллардаги доимий бўлмаган аъзолигига ўз номзодини илгари сурган. Саида Мирзиёева нутқида мамлакатлардан Ўзбекистон номзодини қўллаб-қувватлашни сўради.
Марказий Осиёдаги жараёнларга тўхталар экан, Саида Мирзиёева давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси минтақадаги муносабатлар хусусиятини ўзгартирганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, аввалги низолар ўрнини шериклик муносабатлари эгалламоқда. Шу билан бирга, у Афғонистонни фақат таҳдид манбаи сифатида кўрмаслик ва унинг халқини мавжуд қийинчиликлар билан ёлғиз қолдирмасликка чақирди.




