Покистоннинг собиқ бош вазири Имрон Хон гаров эвазига қамоқдан чиқарилди
Кеча Покистон суди собиқ бош вазир Имрон Хонни гаров эвазига 2 ҳафта муддатга қамоқдан озод қилиш ҳақида қарор чиқарди, дея маълум қилган Хоннинг адвокати.
Ўтган ҳафта собиқ бош вазир ер билан боғлиқ фирибгарликларга алоқадор деб топилиб, қамоққа олинганди. Натижада ҳукмдан норози аҳоли намойишларга чиққан, ҳарбийлар билан тўқнашув натижасида бир киши ҳалок бўлганди.
Имрон Хон суд залидан чиққач, қаттиқ хавфсизлик чоралари кўрилган шароитда ўзининг туғилган шаҳри Лаҳорга йўл олган. У "ҳарбийлар чиқишимга рухсат беришмаяпти" деб, бир неча соат уйдан чиқмай ўтирган.
Бир кун аввал Покистон Олий суди Имрон Хоннинг қамоққа олинишини "ҳақиқий эмас ва ноқонуний" деб топганди.
Хоннинг қамоққа олиниши 220 миллион аҳолиси бор мамлакатдаги иқтисодий инқироз, мисли кўрилмаган инфляция, иқтисодиётнинг сустлашуви ва Халқаро валюта фондининг молиявий ёрдами тўхтаб қолган даврга тўғри келди.
Хон Олий суднинг қароридан қониққанини ва суд тизими Покистондаги "чангалзор қонунлари"дан ҳимоя қила олувчи ягона омил эканини айтган. "Айтишим жоизки, суд тизимимиз шундай йўл тутишини кутгандим. Чунки энди ягона умидимиз- "банан республикаси" ва демократия ўртасидаги нозик чегара бўлмиш суд тизимидан", деган Имрон Хон суд залида журналистларга берган интервьюсида.
Шу билан бирга Имрон Хон мамлакат хавфсизлик кучлари унга қарши эканига ишонмаслигини, бироқ армия қўмондони Покистонда ўта кучли қудратга эканини билдирган.
"Бу мамлакатда (Покистонда) ҳамма нарсани бир киши ҳал қилади. Бу хавфсизлик идораси эмас, барлки армия қўмондонидир" деган Хон.
Айримлар Хонни ҳарбийлар ҳокимиятга келтирганини даъво қилишади. Аммо буни Хон ҳам, ҳарбийлар ҳам инкор этишган.
Лекин кейинчалик Хон генераллар билан келишмай қолган. Ҳатто Хон ўтган йили ҳарбийларни уни ҳокимиятдан ағдаришда уринишда айблаганди. Шундан бери у амалдаги армия бош қўмондони, генерал Асим Мунирни очиқчасига танқид қилиб келади.
Муқаддам крикет қаҳрамони бўлган ва кейинчалик сиёсатчига айланган 70 яшар Имрон Хон 2022 йил апрел ойида парламент ишончсизлиги вотуми натижасида бош вазир лавозимидан туширилганди. Лекин шунга қарамасдан, ижтимоий сўровларга кўра, Имрон Хонҳамон Покистонда энг машҳур етакчи ҳисобланади.