platina.uz

Покистонда қақшатқич тўқнашувлар авж олмоқда

Покистонда собиқ бош вазир Имрон Хоннинг тарафдорлари ва хавфсизлик кучлари ўртасида қақшатқич тўқнашувлар авж олмоқда. Норозилик намойишлари бутун мамлакат бўйлаб ёйилган. Покистон собиқ бош вазири Имрон Хон тарафдорлари нимадан норози?

Жаҳон
11 май 2023 йил
Покистонда қақшатқич тўқнашувлар авж олмоқда

Покистон мухолифати мамлакат собиқ бош вазири ва мухолифатдаги “Теҳрики Инсаф” партияси раҳбари Имрон Хоннинг ҳибсга олиниши ортидан халқни тинимсиз норозилик намойишларига чиқишга ундамоқда.

“Сизнинг вақтингиз келди, Покистон халқи. Хон доим сизни ҳимоя қилиб келди, энди уни ҳимоя қилиш вақти келди”, демоқда партия.

Хабар қилинишича, Имрон Хон “Ал-Қодир” иши бўйича Миллий ҳисобот бюроси томонидан ҳибсга олинган.

Аввалроқ иқтисодий разведка Имрон Хон, унинг рафиқаси ва “Теҳрики-Инсаф” етакчиларига нисбатан тергов бошлаган эди.

Тергов маълумотларига кўра, улар биргаликда “Ал-Қодир университети”ни яратиш бўйича уюшма ташкил этишган ва бу Покистон бюджетига 50 миллиард рупий миқдорида зарар етказган.

Партия матбуот хизматининг хабар қилишича, собиқ бош вазир Имрон Хоннинг ҳибсга олинишига қарши норозилик намойишлари Исломобод, Пешовар, Харипур, Абботобод, Сиалкот, Файсалобод, Равалпинди, Лоҳур ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларида бўлиб ўтмоқда.

Оммавий ахборот воситалари вакилларига намойишларни ёритишга рухсат берилмаган.

Полиция партия тарафдорларини тарқатиб юбориш учун турли таъсир усуллари, хусусан, кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланмоқда.

Норозиликка чиққан намойишчилар йўлларида учраган нарсани синдириб, вайрон қилишмоқда, машина ва уйларни ёқиб юборишмоқда.

Аввалроқ Имрон Хон BBC мухбирига берган интервьюсида уни қамоққа олиш учун ҳеч қандай асос йўқлигини, ҳукумат уни панжара ортига ташлаш учун турли баҳоналарни тўқиб чиқараётганини айтганди.

Собиқ бош вазирнинг иддао қилишича, ҳукумат шу йўл билан уни ва унинг партиясини келаётган сайловларда иштирок этишига йўл қўймасликни мақсад қилган. “Қамоқда бўламанми ёки озодликдами, партиямнинг ғалаба қилишига халақит беришолмайди”, деган Имрон Хон.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+