Олий судда мустабид тузум даврида ноҳақ айбланган 208 нафар шахс оқланди

Адолат қарор топди, йиллар мобайнида юзага чиқмай келган ҳақиқат тантана қилди. Олий судда 3 та жиноят иши бўйича айбланган қатағон қурбонларига нисбатан оқлов ҳукми ўқилди.
Жамият
19 апрель 2023 йил
Олий судда мустабид тузум даврида ноҳақ айбланган 208 нафар шахс оқланди

Маълум қилинишича, Олий судга 208 нафар шахсга оид 3 та жиноят иши келиб тушиб, ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилган.

Бош прокурор ўринбосари томонидан юқорида кўрсатилган жиноят ишлари юзасидан Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция протестини бериш муддатини тиклаш ҳақидаги илтимосномалар ҳамда апелляция тартибида протестлар келтирилган.

2023 йил 19 апрель куни ушбу жиноят ишлари Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов раислигида ўтказилган очиқ суд мажлисларида ушбу илтимосномалар ва протестлар кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди ҳамда Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига асосан жами 3 та жиноят иши бўйича 208 нафар шахсга нисбатан Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг оқлов ҳукми чиқарилди.

Шу аснода адолат қарор топди, йиллар мобайнида юзага чиқмай келган ҳақиқат тантана қилди.

Мустақиллик йўлида фидокорона кураш олиб борган, ҳатто ўз жонини фидо қилган қатағон қурбонларининг пок номлари халқимиз қалбида мангу яшайди. 

Маълумот учун:

2020 йил 8 октябрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президентимизнинг фармойиши қабул қилинган. Фармойиш ижросини таъминлаш мақсадида Республика ишчи гуруҳи ташкил этилган. Шунинг баробарида қатағон қурбонларининг номларини тиклаш ва хотирасини абадийлаштириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланган.

Олий судда муайян сабабларга кўра реабилитация қилинмаган қатағон қурбонларининг номларини оқлаш ва уларнинг хотирасини абадийлаштириш масалалари бўйича ишчи гуруҳи тузилган. Ишчи гуруҳнинг изчил фаолияти, кўламли саъй-ҳаракати туфайли сўнгги йилларда совет даврида қатағон қилинган 408 нафар ватандошимиз реабилитация қилиниб, оқланган.

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+