Божхона амалдорининг ҳибсга олиниши юзасидан изоҳ берилди
Ходим суғурта компанияси билан тил бириктирган.
Ижтимоий тармоқларда Божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари ушлангани борасида хабарлар тарқалди. Қўмита раҳбарияти 21 декабр куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ҳодисага изоҳ бериб ўтди.
Изоҳга кўра, қўлга олинган шахс бўлим ходими мақомидаги шахс бўлиб, тўловлар бўлимида ишлаган ва у суғурта компанияси билан тил бириктирган. Божхона тизимида суғурта полиси асосида тўловларни маълум муддатга кечиктиришга рухсат бериш амалиёти бор.
Божхона ходими суғурта компанияси билан келишиб, унинг манфаатини ноқонуний равишда ҳимоя қилган.
Ходим ҳаракатлари икки ой давомида хавфсизлик ходимлари иштирокида кузатиб келинган, жиноят аломатлари тасдиқлангач эса ҳибсга олинди, дейилади изоҳда.
Ушбу жиноят оқибатида давлат манфаатларига 145 млрд. сўм зарар етказилиши хавфи юзага келган, унинг 84 миллиарди ундирилган. Жиноят иши айбланувчилари ичида хорижга чиқиб кетишга муваффақ бўлганлар ҳам борлиги маълум қилинди.
Аввалроқ Самарқандда ҳам бир қанча амалдорлар қўлга олингани хабар берилганди.