Хитойда аянчли зилзила: 100дан ошиқ киши ҳалок бўлди
Мамлакатнинг Гансу провинциясида 6,2 магнитудали ер силкиниши кузатилди.
Хитойда 6,2 магнитудали зилзила юз берди. “Синхуа” ахборот агентлиги хабарига кўра, оқибатда кўплаб турар-жой бинолари ва инфратузилма вайрон бўлган. Қурбонлар сони камида 111 кишини ташкил этмоқда.
Зилзила Гансу провинцияси, Линхиа Хуей автоном префектурасининг Жишишан-Баоан-Дунсян-Салар автоном округида содир бўлган.
Хитой сейсмологик тармоқлари маркази маълумотларига кўра, силкинишлар эпицентри шимолий кенглик 35,7 даража ва шарқий узунлик 102,79 даража координатали нуқтада жойлашган. Эпицентр 10 км чуқурликда жойлашган.
Ҳозиргача зилзила оқибатида 230 дан ортиқ жароҳат олган ва камида 111 киши ҳалок бўлгани хабар қилинган.
Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Зилзилалар оқибатларини бартараф этиш штаб-квартираси фавқулодда вазиятларда фавқулодда чоралар кўриш даражасини иккинчи даражага кўтарди. Қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, октябр ойида Афғонистонда кузатилган зилзилада икки мингдан ошиқ қиши ҳалок бўлганди.