Путиннинг мухолифи қамоқда изсиз йўқолгани айтилмоқда
8 кундан бери Навалнийнинг қаердалиги ҳақида ҳеч нарса маълум эмас.
Россияда президент Путиннинг мухолифи ва танқидчиси Алексей Навалнийнинг шериклари уни Москва тергов изоляторларидан топа олишмаганини айтишмоқда. Аввалроқ мухолифатчи қамоқ жазосини ўтаётган Владимир вилояти колониясида рўйхатда йўқлиги маълум қилинганди.
Юрист ва жамоат арбоби Иван Жданов Х ижтимоий тармоғида Навалнийнинг тарафдорлари "Москвадаги тергов изоляторларининг кўпчилигини текширган" ва Навалнийни топа олмаганини ёзган.
Мухолифатчи тарафдорлари у ҳақида бир ҳафтадан кўпроқ вақт давомида маълумот ололмадилар. Душанба куни Алексей Навалнийнинг адвокатига мухолифатчи сиёсатчи энди ИК-6 колонияси рўйхатида йўқлиги ҳақида маълум қилинди, бироқ улар унинг қаердалигини тушунтиришмади. Эртаси куни База телеграм канали Навалний вандализмда айбланиб, "тергов ҳаракатлари ўтказиш учун" Москвага кўчирилгани ҳақида хабар берди.
1 декабр куни “Навалний жамоаси” сиёсатчи колония терговчисидан унга нисбатан жиноий иш қўзғатилгани ҳақида хат олгани ҳақида маълумот тарқатди. У Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 214-моддаси билан айбланган (бир гуруҳ шахслар томонидан ёки сиёсий нафрат билан содир этилган вандализм). Ушбу модда уч йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади.
Умуман олганда, 8 кундан бери Навалнийнинг қаердалиги ҳақида ҳеч нарса маълум эмас.