Нормат Турсунов бюджетдан бир миллиард сўмдан ошиқ пул ажратди
Вилоят қўғирчоқ театрига 300 миллион сўм берилади.
Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов фармойиши билан кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўрилишида талаб этиладиган ва бошқа харажатлар учун йўналтирилган маблағ ҳисобидан 1 млрд. 27 млн. сўм ажратилди.
Ушбу маблағлар турли мақсадларда сарфланади. Жумладан, вилоят ИИБга "Ақлли чорраҳа" харажатлари учун 200 миллион сўм, вилоят қўғирчоқ театрига моддий-техник базани ривожлантириш ва автомобил харид қилиш учун 300 миллион сўм берилади.
Бундан ташқари ёшлар сиёсати ва спорт бошқармасига 100 миллион сўм тақдим этилади, пул эркин курашни ривожлантириш ва Олимпия ўйинларига тайёргарлик харажатларига сарфланади.
Конимех давлат ўрмон хўжалиги 100 миллион сўм олади. Ғозғон шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимига 89,2 млн. сўм берилади. Фармойишда шунингдек, санъат мактабларига ҳам кичик миқдорда маблағлар ажратилиши белгиланган.
Аввалроқ Навоийда "Президент фармонлари ва ҳукумат қарорларини бажариш, инфратузилма объектларини қуриш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш мақсадида" маҳаллий бюджетдан 51,4 млрд. сўм маблағ ажратилганди.