Навоий вилояти раҳбари ҳокимлик ва тиббиёт харажатлари учун 7,6 млрд сўм ажратди
Вилоят ҳокимлигига маъмурий бинодан фойдаланиш, коммунал хизматлар ва бошқа харажатлар учун 3 млрд 736 млн сўм берилиши маълум қилинган.
Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсуновнинг маблағ ажратиш бўйича фармойиши эълон қилинди.
Унга кўра, кечиктириб бўлмайдиган айрим харажатлар учун 2024 йил бошидан аниқланган эркин қолдиқ маблағлар ва захира жамғармаси ҳисобидан 7 млрд 622 млн сўм ажратилади.
Фармойиш иловасига кўра, вилоят ҳокимлигига маъмурий бинодан фойдаланиш, коммунал хизматлардан ва бошқа харажатлар учун 3 млрд 736 млн сўм берилади.
Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига Япония давлатининг Жайка халқаро ташкилоти ҳисобидан келтирилган "Сумадзу" рентген-ангиограф ускунаси трубкаси яроқлилик муддати тугаганлиги сабабли ушбу ускунасига рентген трубкаси харид қилиш ва керакли жиҳозлар ўрнатиш харажатлари учун 992 млн, вилоят эндрокринология диспансерига 700 млн сўм, физиатрия ва пулмонология марказига замонавий жиҳозлар олиб келишга 700 млн сўм, маданият бошқармасига Зоминдаги фестивалда вилоятда белгиланган ҳудудларни безатиш учун 414 млн сўм берилиши маълум қилинган.
Маънавият ва маърифат марказига яроқсиз ҳолатга келиб қолган ижтимоий тарғибот баннерларини янгисига алмаштириш учун 250 млн сўм ажратилади.
Мазкур фармойиш ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Р. Сулаймонов зиммасига юкланган.