platina.uz

2023 йилда энг ёмон ишлаган вазир — Амрилло Иноятов

Норасида болалар ҳаётига дахл қилган икки фожианинг ўзи соғлиқни сақлаш вазирини 2023 йилда энг ёмон ишлаган вазир деб топишимизга асос бўла олади.

Жамият
13 декабрь 2023 йил
2023 йилда энг ёмон ишлаган вазир — Амрилло Иноятов

Ўтиб бораётган 2023 йил бўйича Platina.uz талқинида турли номинацияларни эълон қилиб борамиз. Биринчиси энг ёмон ишлаган вазир номинацияси бўлди.

Ушбу номинацияда Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов "етакчилик" қилмоқда. Соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар, коррупция ва одамлар ўлимига нисбатан бефарқлик кечириб бўлмас даражага етди.

Иноятов 2022 йил охирида мазкур лавозимга тайинланган. Ўшанда маъмурий ислоҳотлар баҳонаси билан собиқ вазир Беҳзод Мусаев Док-1 макс ишидан қутулиб қолган ва барча айбу масъулият янги тайинланган вазир зиммасига ўтган эди. Аммо ўша пайтда Иноятов биринчи ўринбосар эди.


Мавзуга доир: “Тизимда жуда катта коррупцион схема авж олиб кетган”


Аввалига 20 та бола экани айтилган, кейинчалик судда 65 та бола қурбон бўлгани ошкораланган Док-1 макс ишида асосий айбдор вазир ўринбосари Элмира Боситхонова экани ҳақида кўп ёзилди, аммо вазирлик шу пайтгача бунга изоҳ бермади. Сўнг йоддан оммавий заҳарланиш юз берди, бунда ҳам айнан Боситхонова жавобгар эди.

Йоддан заҳарланиш ҳолати бўйича ҳалигача аниқ хулосалар айтилмади, экспертиза натижалари ошкор этилмади. Прокуратура ҳам жимиб кетди. Болалари заҳарланган одамларнинг ўй-хаёллари "қонундаги ўғри"лар билан чалғитилмоқда.

Соғлиқни сақлаш тизимида бир йил ичида шундай йирик заҳарланишлар кузатилишининг ўзи фожиа ҳисобланади. Собиқ вазир Мусаев узр сўраб қутулган бўлса, амалдагиси Иноятов бу ҳолатлар бошқа такрорланмаслиги учун ҳаракат қилишларини айтган. Айбдорларга чора кўриш ишлари бошланганини билдирган, лекин ҳалигача чора кўрилмаган.

Норасида болалар ҳаётига дахл қилган мана шу икки фожианинг ўзи соғлиқни сақлаш вазирини 2023 йилда энг ёмон ишлаган вазир деб топишимизга асос бўла олади. У ҳалигача амалда, она ва бола бўйича жавобгар ўринбосари Боситхонова ҳам амалда ўтирибди. Демак, тизимдаги муаммолар ҳал этилмаган, ҳал қилиш учун олдинга қадам ҳам ташланмаяпти.

Каналимиз ўқувчилари орасида ўтказилган "2023 йилда энг яхши ишлаган вазир қайси?" сўровномасида соғлиқни сақлаш вазири 21 та вазир ичидан 322 та овоз билан 13-ўринни эгаллаганди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+