Жадидлар ҳақида халқаро анжуман бўлиб ўтади
Тадбир 11-12 декабр кунлари ташкил этилади.
Ўзбекистонда жадидлар бўйича халқаро анжуман ўтказилади. Бу ҳақда Масс-медиа фонди хабар берди.
Айтилишича, шу йилнинг 11 – 12-декабрь кунлари “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” мавзусида Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти ва Туркий давлатлар ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилган илмий конференция бўлиб ўтади.
Конференциянинг биринчи кунида — жадидчилик ҳаракати ғояси, мақсад ва вазифаларини изчил ўрганишда янги инсайдлар, ҳаракатнинг маърифат ва ноширлик соҳасидаги ҳиссаси, миллий давлатчилик шаклланиши бўйича ижтимоий-сиёсий саъй-ҳаракатлари, шунингдек, жадидларнинг илмий ва маданий мероси, уларнинг тадқиқотлари борасида фикр алмашилади.
Тадбирнинг иккинчи кунида — ўзбекистонлик ҳамда чет эллик таниқли олимлар, тарих соҳаси вакиллари билан давра суҳбати (панел сессион) ўтказилади ва у кенг жамоатчилик учун ҳам очиқ ҳисобланади.