platina.uz
Сиёсат

Ўзбекистон Транзит кафолатлари тўғрисидаги глобал битим ишлаб чиқишни таклиф этди

Битим БМТ шафелигида, денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган мамлакатлар учун тузилади. 

Ўзбекистон Транзит кафолатлари тўғрисидаги глобал битим ишлаб чиқишни таклиф этди

Шавкат Мирзиёев БМТнинг денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференциясида нутқ сўзлади.

Ўзбекистон раҳбари унда қатор таклифлар билан чиқди.

Президентга кўра биринчидан, халқаро транспорт йўлаклари ва инфратузилмасини жадал ривожлантириш учун мувофиқлаштирилган ҳаракатлар зарур.

"Биз Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон темир йўлини қуриш лойиҳасини тайёрлаш ва амалга оширишни тезлаштириш тарафдоримиз. Ушбу истиқболли йўлакни қурилаётган Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўл магистрали билан боғлаш кенг минтақамизда янги савдо-иқтисодий макон ва барқарор транспорт инфратузилмасини шакллантириш учун катта имкониятлар очади.

Биз, шунингдек, Ўрта йўлакни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратамиз. Уни тўлиқ ишга тушириш учун, биринчи навбатда, келишилган транзит сиёсати, тартиботларни соддалаштириш ва контейнерларда юк ташиш учун мақбул тарифларни жорий этиш муҳимдир", дейди президент.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган мамлакатлар учун Транзит кафолатлари тўғрисидаги глобал битимни ишлаб чиқишни таклиф этилди.

Бундай механизм портлар ва коммуникациялардан адолатли фойдаланиш шартларини таъминлайди, юк ташишда хавф-хатарларни пасайтиради, глобал логистикада тенгсизликни камайтиришга хизмат қилади.

Йирик инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун мослашувчан инвестиция воситаларига талаб тобора ўсиб бормоқда.

Марказий Осиё мамлакатларининг транспорт инфратузилмасини ривожлантириш учун зарур бўлган сармоялар йилига қарийб 40 миллиард доллар, деб баҳоланмоқда.

Шу муносабат билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган мамлакатларнинг логистика интеграциясига кўмаклашиш жамғармасини таъсис этишни таклиф этилди. Ушбу жамғармага донор мамлакатлар, халқаро ривожланиш институтлари ва глобал дастурлар ресурсларини кенг жалб этиш мақсадга мувофиқ.

Денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган мамлакатларнинг Заифлик глобал индексини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурилди.

Бу мамлакатларимизнинг транзит борасида чекланган имкониятларини холис кўриб чиқиш ва мавжуд шароитлардан келиб чиқиб, халқаро молиявий-техник дастурларни кенгайтириш ва ресурсларни самарали тақсимлашнинг таъсирчан воситасига айланади.

Энг асосийси – ушбу индекс мамлакатларимизнинг рақобатбардошлиги ва ишбилармонлик муҳитини адолатли баҳолашда ҳисобга олиниши керак.

Ўзбекистонда агротармоқни ривожлантириш учун Инновацион хабни яратиш бўйича таклифимизни амалга ошириш принципиал аҳамиятга эга.

Мазкур хаб мослашувчан агротехнологияларни татбиқ этиш, сувни тежаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга оид инновацион лойиҳаларни илгари суриш, ўзаро билим ва тажриба алмашишга хизмат қилади.

Умумий таҳдидларни биргаликда бартараф этиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқишга мамлакатларимиз етакчи экспертлари ва “ақл марказлари”ни фаол жалб этиш муҳим.

"Бу борада халқаро анжуман ва давра суҳбатлари ўтказишни таклиф қиламиз. Бундай тадбирлар кун тартибига глобал ишлаб чиқариш занжирларига мамлакатларимизнинг чуқур интеграциясини таъминлаш, сунъий интеллект ва рақамли технологияларни жадал ривожлантириш, трансчегаравий инвестицияларни кенгайтириш ва стартапларни қўллаб-қувватлаш масалаларини киритиш мумкин.

Ўзбекистон, шунингдек, денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган мамлакатлар учун Халқаро таҳлил маркази фаолиятига қўшилиш ниятида", дея таъкидлади президент.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid