Данияда Қуръон китобини ёқиш тақиқланди
Ушбу қонунни ёқлаб 94 нафар депутат овоз берди, 74 нафари қарши чиқди.
Дания парламенти диний матнларни ёқишни тақиқловчи қонунни қабул қилди ва шу орқали Қуръонни ҳам ёқишни тақиқлади, деб хабар беради AFP.
Ушбу қонунни ёқлаб 94 нафар депутат овоз берди, 74 нафари қарши чиқди.
Қонун лойиҳаси август ойида таклиф қилинган, аммо танқидга учраган. Қонун лойиҳасининг мухолифлари бу сўз эркинлигини кескин чеклайди, деб таъкидладилар. Уларнинг таъсири остида ҳужжатга айрим ўзгартиришлар киритилди. Қонун етти кундан кейин кучга киради.
Июл ойи охирида Дания ҳукумати дин ва маданиятни ҳақорат қилувчи, шунингдек, қироллик хавфсизлигига таҳдид солувчи мазкур тадбирларни чекламоқчи экани маълум бўлганди. Дания расмийларининг қўшимча қилишича, чекловлар “конституция билан ҳимояланган сўз эркинлиги” доирасида амалга оширилиши керак.
Бунгача Стокголм полицияси Қурбон ҳайити байрамининг биринчи кунида шаҳар масжиди яқинида Қуръонни ёқишга рухсат берган эди. 28 июн куни Стокголмда ироқлик муҳожир Салван Момика Қуръон саҳифаларини йиртиб, уни ёқиб юборганди. Ундан аввал январ ойида даниялик шахс Расмус Палудан ҳам икки бор шу ишга қўл урганди.
Мазкур қилмишлар дунё бўйлаб кескин норозиликларга сабаб бўлди.