platina.uz
Жамият

Тошкент вилоятининг чекка ҳудуди — “Сувти” маҳалласида нималар бўлди?

Вилоятнинг 5 та туманидаги энг чекка, ижтимоий ҳолати “оғир” маҳаллалар танлаб олинган.

Тошкент вилоятининг чекка ҳудуди — “Сувти” маҳалласида нималар бўлди?

Президентнинг тегишли топшириғига биноан жойларда “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонларини жорий этишга киришилган эди. Президент Администрацияси, Халқ қабулхоналари, вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар вакилларидан тузилган Республика ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган ўрганишларда Тошкент вилоятининг 5 та туманидаги энг чекка, ижтимоий ҳолати “оғир” маҳаллалар танлаб олинди.

Белгиланган вазифалар ижроси учун республика бюджетидан 4 миллиард сўм шунингдек, маҳаллий бюджет ҳамда ҳомий ташкилотлар ҳисобидан ҳам етарли даражада маблағ ажратилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 31 йиллиги байрами арафасида Тошкент вилояти Пискент туманининг энг чекка ҳудуди – “Сувти” маҳалласида қурилиш-таъмирлаш ишлари якунига етказилди.

Маҳалладаги байрам тадбири эрта тонгдан “Соғлом ҳаёт учун” югуриш марафони билан бошланди. Маҳалланинг кириш қисмидан старт олган марафонда 300 нафардан зиёд ёшлар ҳамда маҳалла аҳлига ҳарбий оркестр, Миллий гвардия отлиқ ҳарбийлари, “Ватанпарвар” ташкилоти, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси махсус техникалари ҳамроҳлик қилди.

Шу куни маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Идора олдига соябон ўрнатилди, бўш ер майдонига кўчатлар қадалди, дарахтлар остига тўқсонбости экинлари экилди, ҳудуд ободонлаштирилди. Лойиҳа қиймати 500 миллион сўмдан ортиқни ташкил қилувчи иншоотда ходимлар учун барча шароитлар яратилган. Бу –ижтимоий дафтарларга киритилган фуқаролар билан ишлаш, идоралараро маълумот алмашиш осонлаштиради.

Тадбир иштирокчиларининг кейинги манзили янгидан барпо қилинган “Сувти” қишлоқ врачлик пункти бўлди. Узунлиги 12 метр, эни 6 метрни ташкил қилувчи иншоот енгил конструкциядан қурилган бўлиб, унда аҳолига тиббий хизматни яқинлаштириш, касалликлар профилактикаси ва даволаш – бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш учун барча қулайликлар яратилган.

Эътиборли жиҳати шундаки, бинонинг бир қисмида мўъжазгина кутубхона ташкил қилинган ва бадиий адабиётлар билан тўлдирилган. Ёшларнинг севимли ҳудудига айланган зиё масканида китобхон ўқувчилар меҳмонларга шеърлар ўқиди, ўзларининг иқтидорларини намойиш қилди.

Байрам тадбири “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида маҳалланинг бўш ер майдонига кўчат экиш билан давом этди.

Қайд этиш лозимки, маҳаллада “Обод хонадон” мезони остидаги тадбирлар доирасида ишчи гуруҳи 522 та хонадоннинг ҳар бирига кириб хатловдан ўтказди, оила хўжаликларининг турмуш тарзи ўрганилди. Ана шу ҳужжат асосида эҳтиёжманд оилаларнинг уй-жойлари таъмирланди, моддий ёрдам кўрсатилди. Барча хонадонларнинг санитар-гигиена ҳолатини яхшилаш, томорқалардан самарали фойдаланиш, уй-жой тутиш, оила аъзоларининг яшаш шароитларини яхшилаш бўйича зарур тавсиялар берилди.

Вазирлик ва идоралар, вилоят ҳокимлиги, нуронийлар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакилларидан иборат меҳмонлар обод хонадонлардаги шароитларни кўздан кечирди, тандирда ёпилган нон ва кўк чучварадан тановул қилди, қишлоқ аҳли билан мулоқот ўтказилди.

Олиб борилган тарғибот ишлари натижасида маҳалладаги 250 дан зиёд оилаларнинг томорқасига тўқсонбости экинлари жойлаштирилди, томорқа маданияти юксалтирилди, ҳоким ёрдамчиларининг тавсияси асосида иссиқхона қуриш учун имтиёзли кредитлар берилди.

Маҳаллада “Обод кўча”мезонларини жорий қилиш бўйича ўйдим-чуқур йўллар таъмирланди, ички кўчалар текисланди, туташ майдонлар, бўш ерлар, хонадонлар олдига “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 10 минг тупдан зиёд кўчатлар экилди. Жами 5 та ички кўчанинг қарийб 2 километри шағаллаштирилди, 220 метри бетон қилинди, 3,3 километр пиёдалар йўлаги қурилди. Шунингдек, электр таъминоти сифатини яхшилаш мақсадида 4 километр ҳаво линияси янгиланди, 74 та тунги ёритиш мосламаси қўйилди. 368 та эски симёғочлар темир бетон устунларига алмаштирилди. Бундан ташқари қарийиб 10 километр газ тармоғи тартибга келтрилди, бўялди, 700 метр ичимлик суви қувури тортилиб сув иншооти ўрнатилди. Тинчлик ва Мустақиллик кўчаларидаги 2 та кўприк янгидан бунёд этилди.

Маҳаллада ишсизликни қисқартириш мақсадида 44 нафар аҳолининг бандлигини таъминланди, фуқароларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳоким ёрдамчиси тавсияси асосида 220 миллион сўм имтиёзли кредит берилди.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid