Тошкентнинг қишга тайёргарлиги текширилмоқда
Хусусан, “Сағбон” подстанциясида таъмирлаш ишлари кўздан кечирилди.
Қишнинг биринчи ойи ҳам бошланди. Ҳадемай, ҳаво ҳарорати пасайиб, совуқ кунлар бошланади. Шу сабабли Президент топшириғига асосан тузилган Республика ишчи гуруҳи ҳар бир ҳудудда қишга тайёргарлик ҳолатини синчиклик билан ўрганмоқда, аниқланган камчиликларни бартараф этмоқда.
Ана шундай ўрганишлардан бири Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани “Олимпия” маҳалласида амалга оширилди. Ҳудудда жойлашган кўп қаватли уйлар, ижтимоий соҳа объектлари кўздан кечирилди.
Келаётган мавсумга пухта тайёргарлик кўриш, жумладан, электр, газ, сув таъминоти, иситиш тизимларининг барқарор ишлаши мақсадида тегишли ташкилот масъулларига тавсиялар ҳамда амалий кўмак берилди.
Хусусан, “Сағбон” подстанциясида таъмирлаш ишлари кўздан кечирилиб, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Тошкент шаҳар филиали учун бирламчи зарур ижтимоий соҳа обектлари ва аҳоли пунктларига электр энергиясини узлуксиз етказиш ҳамда авариявий ҳолатларни олдини олиш мақсадида, қўшимча дизель генераторлари, керакли асбоб-ускуналар олиб келиниши таъминланди.
Шу билан бир қаторда ўрганишлар давомида “Олимпия” маҳалласида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан ҳам танишилди. Республика ишчи гуруҳи вакиллари томонидан “Яшил макон” дастури доирасида маҳалла ҳудудида мевали дарахт кўчатлари экилди.
Республика ишчи гуруҳи фаолияти давом этмоқда.