Тошкент ҳокими кўчат экишга катта пул ажратди
Шунингдек, пойтахт туманларига 2 млрд. 730 млн. сўм маблағ бўлиб берилади.
Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқовнинг қарори билан кўчат экишга катта пул ажратилди.
"Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг 2023 йилда шаклланган қўшимча маблағлари ҳисобидан мавсумий гулларни экиш харажатлари учун ҳамда туман Ободонлаштириш бошқармаларига гул кўчатларини экиш харажатлари учун пул берилади" дейилади қарорда.
Ажратилаётган жами маблағ миқдори 5,0 млрд. сўмни ташкил этади.
Жумладан, Ирригация хўжалиги ва кўкаламзорлаштириш объектларини таъмирлаш ихтисослаштирилган бошқармасига 1,4 млрд. сўм, Марказий майдонларни ободонлаштириш ихтисослаштирилган бошқармасига 550 миллион сўм берилади. Бундан ташқари пойтахтнинг 12 туманига 2 млрд. 730 млн. сўм маблағ бўлиб берилади.
Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал Шавкат Умрзоқовнинг қарори билан маҳаллий бюджетдан Ободонлаштириш бош бошқармаси тизимидаги ихтисослаштирилган бошқармаларга 3 млрд. 152 млн. сўм маблағ ажратилганди.