Истанбул рамзларидан бири бўлган Ҳайдарпаша вокзали асл ҳолига келтирилмоқда
Вокзалнинг қурилиши Усмонлилар даври султони Абдулҳамид II нинг буйруғи билан бошланган.
Тарихидаги энг кенг қамровли қайта тиклаш ишлари олиб борилган Ҳайдарпаша вокзали, бир фильмдаги эпизоддан келиб чиқиб асл ҳолига келтирилди ва аланга остида қолган томи янгиланди.
Истанбул
Кадикўй қирғоғида жойлашган Ҳайдарпаша вокзалининг қурилиши 1906 йил 30 майда Усмонлилар даври султони Абдулҳамид II нинг буйруғи билан бошланган.
Султон Абдулҳамид II, “Мамлакатга шунча километр темир йўл қурдирдим, пўлат рельсларнинг боши Ҳайдарпашага бориб тақалади. Менга ўша рельсларнинг денгизга бориб етган нуқтасида шундай бино қуриб беринг-ки, уни кўрган аҳоли “Бу ердан уловга миндингми, ҳеч қаерда тўхтамай Маккага ҳам етасан” деб айтишсин”, — дейди. Унинг буйруғи билан қурилиши бошланган порт 1908 йил 19 августда фойдаланишга топширилган.
Немис архитекторлари Отто Риттер ва Ҳелмут Куно томонидан қумлоқ ерга ёғоч қозиқлар билан қурилган ушбу станция, 114 йиллик тарихи давомида кўплаб бахтсиз ҳодисаларга дучор бўлган.
Истанбул-Бағдод/Ҳижоз темир йўлининг бошланғич нуқтаси бўлган ва Туркия учун муҳим маданий мерос ҳисобланган ушбу станция, Мустақиллик уруши ва Биринчи жаҳон уруши даврида қурол-яроғ сақлаш жойи сифатида фойдаланилган. Шу сабабли 1917 йил 6 сентябрда вайрон қилинди, ўқ-дорилар омбори портлатилди ва станцияга жиддий зарар етказилди.
Қатор бахтсизликлар кўрган Ҳайдарпаша вокзали томининг ўрта ва шимолий қисмлари 2010 йилда ёнғинда ёниб кетган. 2016 йилда бошланган қайта тиклаш ишлари доирасида жиддий шикастланган том қисми ва кутиш зали асл ҳолида қуриб битказилди. Вокзал биносининг ташқи жабҳаси ва хўжалик иншоотларида ишлар давом этмоқда.
"Тош ишлаб чиқариш ноёб техникага мувофиқ амалга оширилди"
Ресторатор-архитектор Шуҳеда Коркмаз бир пайтлар “Истанбулнинг Онадўлига очилган эшиги” ҳисобланган, сон-саноқсиз қовушиш ва ажралишларга гувоҳ бўлган, кўплаб кино саҳналарида тасвирга олинган станциянинг қайта тиклаш жараёни ҳақида маълумот берди.
Коркмаз, вокзалнинг таъмир ишлари жуда батафсил ва синчковлик билан амалга оширилганлигини таъкидлаб, бир қанча безаклар, тарихий соатлар, асл кошинли пол қопламалари, девор қопламалари, олтин вароқли апликациялар, ёғоч эшиклар ва кутиш залида дераза ишлари каби бир қатор ишлар тугалланганини маълум қилди.