Сурхондарёда сув таъминоти 90 фоизга етказилади
Шавкат Мирзиёев вилоятга ташрифи чоғида мазкур лойиҳага старт берди.
Сурхондарёда марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 90 фоизга етказилади. Айни пайтда бу кўрсаткич 70 фоизни ташкил қилади.
Шавкат Мирзиёев вилоятга ташрифи чоғида мазкур лойиҳага старт берди. 2021 йилда Термизда бўлиб ўтган йиғилишда давлат раҳбари ичимлик суви билан боғлиқ муаммога алоҳида тўхталиб, “Тўпаланг” сув омбори улкан ва тоза манба эканини таъкидлаган ва уни аҳолига етказиш бўйича лойиҳа тайёрлаш вазифасини қўйган эди.
Текширувларга кўра, бу сувнинг қаттиқлик даражаси 4 фоиз, фойдали минералларга бой ва мусаффо. Лойиҳа доирасида сув омборидан то Термиз шаҳригача 380 километр металл қувурлар тортилади. Унинг 159 километри магистрал, 221 километри шаҳар ва туманларни боғловчи ички тармоқлардир. Шунингдек, сув тозалаш, босимни камайтириш ва сув йиғиш иншоотлари қурилади. Бугунги кунда 147 километр қувур тортиб бўлинди. Сув тозалаш, босимни камайтириш ва 5 та сув йиғиш иншооти барпо этилди.
Биринчи босқичда сув Сариосиё, Денов, Шўрчи ва Қумқўрғон туманларига етиб борди. Вилоят аҳолисининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 70 фоизга етди. Сув ўз оқими билан тушиши туфайли 8,6 миллион киловатт/соат электр энергияси иқтисод қилинади.
Иккинчи босқичда 90 фоизга етказилади. Бундан Сариосиё, Денов, Шўрчи, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Бандихон, Қизириқ, Шеробод, Ангор, Музработ, Термиз туманлари ва Термиз шаҳридаги 2 миллионга яқин аҳоли баҳраманд бўлади. Лойиҳани 2024 йилда ниҳоясига етказиш мўлжалланган.