Президент Хоразм ва Сурхондарё бўйича йиғилиш ўтказди
Ҳар икки вилоят ҳокимлари ҳудудларни ривожлантириш бўйича тақдимот қилишган.
Шавкат Мирзиёев 22 ноябр куни Хоразм ва Сурхондарё вилоятларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди.
Хусусан, келгуси йилда Сурхондарёга 2 миллиард доллар инвестиция жалб этиш, 425 минг аҳолини банд қилиш ва экспортни 320 миллион долларга етказиш режа қилинган. Масалан, “Айритом” халқаро савдо зонасида бир ойда ўртача 5 миллион долларлик маҳсулот сотиляпти. Унинг ҳудуди 150 гектарга кенгайтирилса, яна 250 миллион долларлик лойиҳаларга жой бўлади.
Хитойлик инвесторлар Боботоғ ҳудудидаги мис ва кумуш конларига 2,7 миллиард доллар инвестиция киритиб, 2 минг иш ўрни яратишни таклиф қиляпти. Бунинг натижасида йилига 600 миллион долларлик тайёр маҳсулот экспорт қилиш имконияти яратилади.
Шерободнинг Вандоб ва Чорбоғ ҳудудлари эса волфрам, кўмир, ош тузи, кварц қуми каби табиий ресурслар захирасига бой. Бу конларга 320 миллион доллар инвестиция жалб қилиб, 1,5 минг иш ўрни яратиш мўлжалланган. Бандихон туманидаги 50 гектар майдонда Термиз эркин иқтисодий зонасининг филиалини очиш режалаштирилган.
Қишлоқ хўжалигида Бойсун ва Узун туманлари табиати каврак етиштириш учун қулай, шу мақсадда 18 минг гектар яйлов ва ўрмон ерлари аҳолига берилса, 4 минг одамнинг бандлиги таъминланади. Узун, Шўрчи ва Қумқўрғондаги худди шундай яйловларда қўйчилик ва қорамолчилик мажмуаси ташкил этиш мумкин.
Музработдаги 17 та коллекторда йиғиладиган сув қарийб 4 минг гектарда шоли етиштириш имконини беради. Бу орқали йилига 8,5 минг тонна гуруч олинади, 400 нафар одам доимий, яна 4,5 минг нафари мавсумий иш билан банд бўлади.
Қизириқ туманида 300 гектарда иссиқхона, Олтинсойда 1 минг гектарда узумзор ташкил этиб, бозорбоп маҳсулотлар етиштириш ҳам яхши иқтисодий самара беради. Сангардак, Омонхона, Бойсун ҳудудида туризм шароитларини яхшилаб, камида 1 миллион сайёҳни жалб қилиш бўйича дастур ишлаб чиқилади.
Хоразмга эса келгуси йил 1,5 миллиард доллар инвестицияларни жалб этиш режалаштирилган. Масалан, Қўшкўпир туманида 175 гектар ер саноат зонасига қўшиб берилса, 1 миллиард долларлик лойиҳаларга йўл очилади. У ерда электротехника, кимё, машинасозлик ва фармацевтика йўналишида 2 мингта иш ўрни яратилади.
Шовот каналининг ҳимоя зонаси 50 метрдан 25 метрга қисқартирилса, 30 миллион долларлик лойиҳаларни жойлаштириш мумкин бўлади. У ерда 1 триллион сўмлик хизматлар кўрсатилиб, 2,5 мингта янги иш ўрни очилади. Ғазовот ва Полвон каналлари атрофида ҳам 50 миллион долларлик лойиҳалар учун имконият бор.
Қишлоқ ва сув хўжалигида ҳам омилкорлик зарур. Масалан, Қўшкўпирда паррандачилик, Боғот туманида балиқчиликни кенгайтириш учун шароит етарли. Янгиариқда сув таъминотини яхшилаб, полиз, шоли ва балиқ етиштириш ҳисобидан 1,2 минг кишини ишли қилиш мумкин.
Шунингдек, 44 та мактаб ва боғчани таъмирлаш, давлат-хусусий шериклик асосида янгиларини қуриш режалаштирилган. Урганч, Боғот, Шовот ва Янгибозор туманида кўп тармоқли тиббиёт марказлари ташкил этиш мўлжалланган.
Давлат раҳбари бу таклифларни мужассам қилиб, қарор лойиҳаси тайёрлаш бўйича кўрсатма берди.