Тошкент вилоятида амалдор жиноят устида ушланди
У бир фуқарони раҳбар сифатида ишга жойлаштиришда кўмаклашиш эвазига 50 минг доллар талаб қилган.
“Кўмир таъминот” МЧЖ Тошкент вилояти филиали бошлиғи, муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жиноят содир этгани учун судланган шахс мазкур корхонанинг ҳозирги кунда вакант ҳисобланган Сирдарё вилояти филиалига раҳбар сифатида ишга қабул қилинишида кўмаклашиш эвазига фуқародан 50 минг доллар талаб қилди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан департаментнинг вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда мазкур раҳбар сўралган пул маблағини олган вақтида ушланди.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида яшовчи, муқаддам бир неча маротаба судланган, 1964 ва 1982 йилларда туғилган 2 нафар шахс фирибгарлик йўли билан қурилиш ишлари билан шуғулланувчи тадбиркордан 20 минг доллар олган вақтларида ушланди.
Маълум бўлишича, улар Самарқанд вилоятида жойлашган қишлоқ врачлик пунктлари ва поликлиникаларни жорий таъмирлаш учун ҳукумат қарорлари асосида бюджет маблағлари ажратилишини айтиб, ўзларининг юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали 34 млрд. сўмлик пудрат шартномасини тадбиркорга тегишли МЧЖга тўғридан-тўғри олиб беришни ваъда қилишган. Кейинчалик эса мазкур пудрат шартномаси қийматидан 8 фоизини улуш сифатида беришини талаб этишган.
Ҳозирда иккала ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Телеграмда кузатиб боринг!