platina.uz

“Менинг биринчи уйим” дастури бўйича арзон уйлар қуриш бошланади

Қуриладиган уй-жойлар аҳолига имтиёзли ва бозор шартларда реализация қилинади. 

Жамият
14 ноябрь 2023 йил
“Менинг биринчи уйим” дастури бўйича арзон уйлар қуриш бошланади

Ўзбекистон Президентининг “Менинг биринчи уйим” дастурининг биринчи босқичини тажриба-синов тариқасида бошлаш ҳақидаги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳа дастлаб Зангиота туманидаги Туркистон маҳалласи ҳудудида бошланади.

Давлат раҳбари мазкур янги ипотека дастури ҳақида 2022 йил 20 декабрдаги Олий Мажлисга мурожаатномасида маълум қилган ва Дастур доирасида, биринчи навбатда турар-жойга эҳтиёжи бор ҳамда ёш оилалар учун энг қулай шартлар асосида уй-жойлар қурилишини айтган эди.

Жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган ҳужжат лойиҳасига кўра, қурилиш ишларини мувофиқлаштириш учун Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклидаги “Менинг биринчи уйим” дастурини амалга ошириш дирекцияси ташкил этилади.

Қайд этилишича, Дастурнинг амалга оширилишида Туркия Республикаси давлат уй-жой бошқармаси (TOKI) билан ҳамкорлик қилиинади. TOKI Туркияда кам ва ўрта даромадли оилалар учун ижтимоий уйлар қуриш бўйича катта тажрибага эга.

Бундан ташқари, Дастур доирасида:

• кўп квартирали уй-жойлар, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ҳамда ижтимоий инфратузилма объектларини самарали жойлаштириш, лойиҳалаштириш ҳамда қуриш ишларини ташкил этиш Дирекция томонидан амалга оширилади;

• кўп квартирали уй-жойлар, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ҳамда ижтимоий инфратузилма объектларини лойиҳалаштириш ва қуриш ишларини амалга оширадиган тадбиркорлик субъектлари тендер савдолари асосида аниқланади;

• Дастур доирасида қуриладиган уй-жойлар аҳолига имтиёзли ва бозор шартларда реализация қилинади;

• имтиёзли уй-жойлар охирги 5 йил давомида мулк ҳуқуқи асосида уй-жойга эга бўлмаган оилаларга, 15 фоиз миқдорда бошланғич тўлов асосида 20 йил муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш шартларида реализация қилинади;

• уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга имтиёзли уй-жойлар бўйича бошланғич тўловининг бир қисмини қоплаш учун – қатъий белгиланган 32 миллион сўм миқдорида, ойлик тўловларининг бир қисмини қоплаш учун – беш йил давомида ҳар ойлик қатъий белгиланган 1 миллион сўм миқдорида Давлат бюджети ҳисобидан субсидиялар берилади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+