platina.uz

Ички ишлар ва миллий гвардия ходимлари ушланди

Бухорода ходим айбланувчини ҳибсдан чиқариш учун 10 минг АҚШ доллари талаб қилган. 

Жамият
13 ноябрь 2023 йил
Ички ишлар ва миллий гвардия ходимлари ушланди

Давлат хавфсизлик хизмати ўтказган тезкор рейдлар натижасида ички ишлар ва миллий гвардия ходимлари қўлга олинди.

Жумладан, Бухоро вилоятида кузатилган ҳолатда эса ўзини ички ишлар идоралари ходими деб таништирган шахс маҳаллий фуқародан унинг танишига нисбатан Ички ишлар органи томонидан Жиноят Кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан қўзғатилган жиноят иши юзасидан мазкур шахсни тергов ҳибсхонасидан чиқариш ва унга нисбатан юритилган жиноят ишини ҳаракатдан тугатишни ҳал қилиб бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилади.

Давлат хавфсизлик хизматининг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда ушбу шахс олдиндан 2 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Миллий Гвардия Хоразм вилояти Қўриқлаш бошқармаси Шовот тумани қўриқлаш бўлими техник қўриқлаш маркази бошлиғи фирибгарлик йўли билан 1400 АҚШ доллари ҳамда 1,2 млн сўм пулларни олган вақтида ушланди.

Аниқланишича, у маҳаллий фуқарони Миллий Гвардия тизимига ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилган.

Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги ИЖҚК Департаментининг шаҳар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда адвокатлик бюроси адвокати фирибгарлик йўли билан фуқародан 5 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди. Маълум бўлишича, адвокат ўзининг Ўзбекистон Республикаси Олий судида ишловчи танишлари орқали фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг 2023 йил октябрь ойидаги ҳал қилув қарорини суднинг аппелляция инстанцияси жараёнида фуқаро (судланувчи) фойдасига ўзгаришсиз қолдириш масаласини ҳал қилиб беришни ваъда қилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Кеча ДХХ тезкор тадбирда "Бек Барака" бозори директори ўринбосарини пора билан ушлаганди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+