Сергели портлашидан сўнг ФВВга янги вазифа юкланди
Президент имзолаган янги қарорда шу ҳақда сўз боради.
Сергелидаги кимёвий моддалар портлашидан сўнг Фавқулодда вазиятлар вазирлигига портлаш хавфи юқори кимёвий моддаларни сақлаш талабларини назорат қилиш вазифаси юкланди.
“Ёниш ва портлаш хавфи юқори бўлган кимёвий моддалар билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги президент қарорида шу ҳақда сўз боради.
Қарорга кўра, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёниш ва портлаш хавфи юқори бўлган кимёвий моддаларни (маҳсулотларни) сақлаш, ташиш, улардан фойдаланиш ва йўқ қилиш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш, шунингдек, ушбу соҳада белгиланган талабларга риоя этилишини назорат қилади.
Вазирликда ёниш ва портлаш хавфи юқори бўлган кимёвий моддалар билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўлими ва бўлинмалари ташкил этилади.
2024 йил 1 январдан:
- республикага олиб кирилган ҳамда божхона расмийлаштирувидан ўтказилган кимёвий моддалар ва уларни олиб кирувчи субъектлар тўғрисидаги маълумотлар Божхона қўмитасининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали вазирликка реал вақт режимида тақдим этиб борилади;
- кимёвий моддалар фақат фавқулодда вазиятларнинг (ёнғинларнинг) олдини олиш ва саноат хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган омборларда сақланишига рухсат берилади.
Республикага кимёвий моддаларни олиб кирувчи субъектлар томонидан божхона расмийлаштирувидан ўтказилган кимёвий моддалар ва уларни сақлаш жойлари тўғрисидаги маълумотларни киритиш имкониятига эга бўлган ахборот платформаси яратилади.
Эслатиб ўтамиз, 28 сентябр соат 02:43 да Тошкент шаҳар Сергели тумани "Қурувчилар" даҳасида жойлашган омборхоналарнинг бирида кучли портлаш бўлганди.
Ҳодиса оқибатида 15 ёшли ўсмир ҳалок бўлган, Очилбой Раматов бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилган, шунингдек жиноий иш ҳам очилганди.
ФВВ маълумотига кўра, омборхоналар ҳудудидаги ёнғин қарийб 7 соатда ўчирилганди. Кейинроқ маълум бўлишича, ёнғин содир бўлган омборхонада катта миқдорда кимёвий моддалар, қурилиш ва бошқа маҳсулотлар белгиланган талабларга риоя қилинмасдан аралаш ҳолда сақлаб келинган.