Сергелидаги ёнғин қарийб 7 соатда ўчирилди
Портлаш оқибатида жабрланганларнинг умумий сони 163 нафарни ташкил этмоқда.
Сергели туманидаги “Inter Logistics” МЧЖга қарашли омборхоналар ҳудудидаги ёнғин қарийб 7 соатда ўчирилди.
Ёнғин-қутқарув бўлинмалари соат 02:48 да етиб бориб, соат 05:02 да ёнғин қуршаб олинган ва соат 10:47 да батамом ўчирилган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Айни пайтда бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилган. Ёнғин жойига бош вазир – фуқаро муҳофазаси бошлиғи А.Арипов, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар вазирлиги, божхона бошқармаси ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизимига кирувчи хизматларнинг раҳбарлари чиққан.
Портлаш оқибатида жабрланганларнинг умумий сони 163 нафарни ташкил этмоқда. Ҳодиса оқибатида ёнғин яқинидаги кўп квартирали уйларнинг бирида бўлган 2006 йилда туғилган 1 нафар фуқаро воқеа жойида ҳалок бўлган.
Портлаш юзасидан ИИВ Тергов департаменти Жиноят кодексининг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми “а” ва ”б” бандлари билан жиноят иши қўзғатган.
Ёнғинни бартараф этиш ишларига, ФВВ ва бошқа тегишли ташкилотлардан жами 210 та техника ва 2000 дан ортиқ шахсий таркиб жалб қилинди. Дастлабки ўрганиш ишларига кўра 15 минг кв.м омборхона майдонида ёнғин ўчирилиб, 30 минг кв.м майдони сақлаб қолинди.