platina.uz

ДХХ прокурорларни пора билан ушлади

Тергов жараёнида терговчига ушбу пулларни олиш бўйича кўрсатмани туман прокурори ўринбосари бергани тўлиқ исботланиб, у ҳам қамоққа олинган.

Жамият
7 ноябрь 2023 йил
ДХХ прокурорларни пора билан ушлади

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари иккита ҳудудда прокурорларни пора устида қўлга олди. Бу ҳақда ДХХ маълумот берди.

Айтилишича, Андижон вилояти Хўжаобод туман прокуратураси терговчиси 5 минг АҚШ доллари талаб қилган. Бунинг эвазига туман ички ишлар бўлими тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168- ва 228-моддалари билан қўзғатилган жиноят иши бўйича гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўлламаслик ва тергов ҳаракатлари давомида енгиллик яратиб бериш сўралган.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда терговчи сўралган пул маблағини умумий овқатланиш масканида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 168- ва 211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов жараёнида терговчига ушбу пулларни олиш бўйича кўрсатмани туман прокурори ўринбосари бергани тўлиқ исботланиб, у ҳам қамоққа олинган.

Шунингдек, Самарқанд вилоятида кузатилган ҳолатда эса Пастдарғом тумани прокурори ёрдамчиси туман ички ишлар бўлимининг тергов бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилган жиноят ишида айбланувчи сифатида ўтаётган фуқарога нисбатан суд жараёнида енгиллик қилиш ва суд идораларида ишловчи танишлари орқали қамоқдан чиқариш эвазига, унинг қариндошларидан 3 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Самарқанд шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, прокурор ёрдамчиси сўралган пул маблағидан 2500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан мазкур мансабдор шахсга нисбатан вилоят прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 168- ва 211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+