Пиёда одам ўлдирмайди — блогер ЙҲХБнинг самарасиз тарғиботларига эътироз билдирди
Ҳозирги йўл хавфсизлиги сиёсати, айниқса, амалиёти пиёдани юракни ҳовучлаб юришга, чорраҳадан мина даласидан ўтгандек ўтишга, камига пиёда юргани учун айбдор қилишга қаратилган, холос.
Мустақил журналист, Телеграмдаги Davletovuz канали маъмури Қобил Хидиров йўл ҳаракати хавфсизлигига оид самарасиз тарғиботларни қоралаб чиқди.
"Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, мана неча кундирки, кўчада пиёдаларни овлашга чиққан. Ижтимоий тармоқларда ҳар куни ўнлаб видеолар жойлаштиришяпти, ҳатто Тошкент шаҳар бош "ГАИ"си аҳолига мурожаат қилиб, пиёдаларга дағ-даға қилибди.
Бу худдики зўравон билан эмас, потенциал жабрдийда билан ишлашдек гап. Ўлдирадиган билан эмас, ўладиган билан ишлаш. Мессежлар шунақаки, иложи бўлса - пиёда кўчага чиқмаса, ота-она ҳеч қачон боланинг қўлини қўйиб юбормаса. Бола учун, пиёда учун хавфсиз муҳит ҳақида ҳеч ким ўйламоқчи эмас. Бу Йўл ҳаракати хавфсизлиги сиёсати ва тизим ходимлари билан келаси йил ҳам, ундан кейин ҳам яна йўллардаги ўлимлар ҳақида гапирамиз. Қуруқ гап, маъносиз, самарасиз тарғибот, авариялар ўша-ўша. Ҳеч нарса ўзгармайди.
Пиёда одам ўлдирмайди. Агар тезлик назорати бўлса, инфраструктура иккита думбул-амалдорнинг тасаввуридагидек эмас, балки пиёда учун мослаштирилган, уни қийнамайдиган, хато қилишга ундамайдиган бўлса — пиёдага зарил келгани йўқ — машина йўлига чиқиб олишга. Шаҳар ва йўллар машина учун қулай бўлиши керак эмас, одамлар учун аввало. Иккита темир-терсак одамдан, одамнинг ҳаётидан устун эмас. Ҳозирги йўл хавфсизлиги сиёсати, айниқса, амалиёти пиёдани юракни ҳовучлаб юришга, чорраҳадан мина даласидан ўтгандек ўтишга, камига пиёда юргани учун айбдор қилишга қаратилган, холос. Афсус", деб ёзган блогер.