Россия гази кечикаётганига қозоқлар изоҳ берди
Вазирнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон томони газ ҳажми бўйича ҳамон ариза бермаган.
Россия газини Қозоғистон орқали Ўзбекистонга экспорт қилишга тайёргарлик ишлари октябр охирида ниҳоясига етади. Ой охиригача Қозоғистон Россия газини Ўзбекистонга транзит қилишни бошлайди.
Қозоғистон энергетика вазири Aлмасадам Саткалиев расмийларнинг режалари ҳақида маълум қилди.
Вазир брифинг чоғида ҳозирги пайт газни ҳисобга олиш учун алоҳида линия ажратиш ишлари якунланаётганини таъкидлади. Жадвалга кўра, октябр ойида ҳамма нарса тайёр бўлиши керак.
"Ўйлайманки, яқин кунларда ушбу ишлар якунига етгач, биз транзит бошланганини эълон қилишимиз мумкин" дейди у.
Саткалиевнинг сўзларига кўра, газ ҳажми Ўзбекистон томонининг аризаси асосида келишиб олинади.
Aриза асосида транзитнинг аниқ ҳажми ҳақида хабар берилади.
Эслатиб ўтамиз, июн ойида Санкт-Петербург Халқаро иқтисодий форумида Россия газини Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича шартнома имзоланганди.
Аввалроқ эса Россия Ўзбекистон ва Қозоғистон билан табиий газ етказиб бериш ҳажмини ошириш масаласини муҳокама қилаётгани маълум бўлганди.