Жарима баллари қачондан ишга тушиши ҳамон номаълум
Орадан қарийб бир йил ўтган бўлишига қарамай, бу тизим ҳамон ортга суриб келинмоқда.
Президент қарорига кўра, 1 декабрдан ҳайдовчилар қоидабузарлиги учун жарима балларни ҳисоблаш бошланиши керак эди. ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ушбу тизим 1 декабрдан тест режимида ишга тушганини айтганди.
Аммо орадан қарийб бир йил ўтган бўлишига қарамай, бу тизим ҳамон ортга суриб келинмоқда. Бугун Олий мажлис сенати ялпи мажлисида йўл ҳаракати қоидалари ҳақидаги қонуннинг янги таҳрири муҳокама қилинди ва Ички ишлар вазирлиги жарима баллари ҳақида маълумот берди.
Айтилишича, жарима баллари бўйича қонун лойиҳаси тайёрланган. Унда жарима балларини тўплаган ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий жазо, шунингдек, баллар умумий сони 12 тадан ошиб кетса, ҳайдовчилик гувоҳномасидан 3 йилгача маҳрум қилиш жазолари қўлланилиши назарда тутилган.
25 октябр куни қонун лойиҳаси кўриб чиқишлик ва биргаликда қайта ишлаш учун Президент администрациясига киритилди.