platina.uz

Жамоатчилик vs. Сенат: негадир парламент қонунга зид лойиҳани зўр бериб ёқламоқда

Айнан шу мавзу учун Сенат 3 марта йиғилиш ўтказди. Журналистлар ва жамоатчилик парламентни кескин танқид қилди ва қоралаб чиқди.

Жамият
15 январь, 21:17
Жамоатчилик vs. Сенат: негадир парламент қонунга зид лойиҳани зўр бериб ёқламоқда

Қонунчилик палатаси депутатлари қонунга зид қонун лойиҳасини тасдиқлаб, Сенатга юборгани жамоатчиликда катта эътирозларга сабаб бўлганди. Кўпчилик ҳатто сенаторларга умид боғлаб, улар қонунни маъқулламасликларига ишонишганди.

Аммо сўнгги бир ҳафта давомида Сенат айнан шу лойиҳани шу қадар зўр бериб ёқламоқда. Айнан шу мавзу учун 3 марта йиғилиш ўтказди. Журналистлар ва жамоатчилик Сенатнинг бу вазиятини кескин танқид қилди ва қоралаб чиқди.

Davletovuz канали:

"Афтидан, сенат ҳам мамлакатдаги очиқлик сиёсатига мутлақо тескари бўлган қонунни маъқуллайдиган кўринади. Қонуннинг масъул қўмитадаги дастлабки муҳокамалари шундай хулосага ундаяпти. Қонун нормасини оқлаб берадиган, ҳужжат аслида “эзгу мақсад”ни кўзлагани ҳақида хориж тажрибасидан мисоллар келтиришибди. Сенатдан умид кутган бизда айб ўзи.

Эслатиб ўтамиз, қонун кучга кирса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ўз хизмат вазифаларини бажаришлари билан боғлиқ маълумотларни уларни обрўсизлантириш ёки ҳақорат қилиш мақсадида Интернет ахборот тармоғида жойлаштириш базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади. Яъни уларда фуқарони қўрқитишга, ўз хатти-ҳаракатларини хаспўслашга қўшимча ричаг пайдо бўлади.

Сенат мутасаддилари ички ишлар тизими эмас, парламент вакиллари эканлигини эсдан чиқармаса яхши бўлар эди. Ўзи умуман, асосан яхши ғояга эга қонуннинг бундай тарзда маъқулланишини иккиюзламачилик, вазиятдан фойдаланишга уриниш, деб баҳолаган бўлар эдик. Назаримизда, ҳужжат бошидан шу мақсадни кўзлаб ишлаб чиқилган ва мутлақо алоқаси йўқ қонунга тиқилган.

Яна бир масала, сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси бу ҳужжат муҳокамасида холислик ёки манфаатлар тўқнашуви нуқтаи назаридан иштирок этиши нотўғри. Қонунни бошқа қўмита кўриши, жамоатчилик билан муҳокамада “тон”ни ўзгартириш лозим. Сенат жамоатчиликка ақл ўргатишга маънавий ҳаққи йўқ".

Хушнудбек Худойбердиев:

"Ёдингизда бўлса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини видео ёки расмга олиб, уларни обрўсизлантириш мақсадида интернетга жойлашни тақиқлаш ҳақидаги қонунни депутатларимиз миқ этмасдан тасдиқлаб берган эди. Мана, энди қўл кўтариш навбати жаноб сенаторларга келибди.

Шу ўринда сенаторларга баъзи саволларим бор эди:

Ушбу қонун мантиқсизлигини Сенат сайтида берилган статистика кўрсатиб турибди.

Айтилишича, 2022 ва 2023 йилларда, яъни 2 йилда фуқаролар томонидан атиги 253 марта ЙПХ инспекторларининг фото/видеоси интернетга тарқатилибди. Шундан 102 тасида, яъни 40% ҳолатда ҳайдовчилар ўзи айбдор бўла туриб, ЙПХ инспектори ҳаракатини нотўғри изоҳлаган эмиш. Демак, қолган 60% ҳолатда ЙПХ инспекторларининг ўзи айбдор бўлганми? Агар каттароқ муаммо ҳайдовчиларда эмас, кўпроқ ЙПХ инспекторларида экан, унда дағдаға ва қамоқ билан қўрқитишни фуқароларга эмас, орган ходимларининг ўзига қилиш керакдир балки?

Бундан ташқари, ҳар қандай қонун қабул қилиниши учун катта ижтимоий эҳтиёж керак. Бутун бошли 36 млн. аҳолиси бор давлатда 2 йил ичида атиги 102 тагина ҳолат бўлгани учун, бутун бошли қонун қабул қилишга уялмайсизларми? Ёки умумий ҳолатнинг ҳатто 50% и ҳам чиқмайдиган вазиятда фуқароларни қамоққа тиқишга асос бўладиган янги жавобгарлик ўйлаб топиш учун виждонларингиз қийналмаяптими?

Ва яна бундан ташқари, ўша 102 та ҳолатда фуқаролар ЙПХ инспектори ҳақида ёлғон маълумот айтган бўлса, унда амалдаги қонунчиликда шундоқ ҳам бунинг учун туҳмат ёки ҳақорат деган айбловлар бор-ку, ўша билан жавобгарликка тортаверинглар, бор нарсага дубликат қилиб янги модда киритишга бало борми? Мундоқ бир Кодексларимизни, қонунларимизни ҳам ўқиб турасизларми ўзи?

Хуллас, сенаторлардан қонунни қайтаришни умид қилган биз аҳмоқ. Жаноб сенаторларимизга юқори баҳо бериб юбордик шекилли. Афсус, минг афсус...

Бугун Сенатда йиғилиш бўлди. Йиғилиш аввалида йўлларимизда авариялар ва ўлимлар сони катталиги учун ушбу қонунни қабул қилиш керак, деб чалғитувчи маълумотлар айтилди. Ваҳоланки, эътироз билдирилаётган орган ходимларининг фото/видеосини интернетга жойлашни тақиқловчи қонунга авариялар ва ўлимларнинг бир грамм ҳам алоқаси йўқ!

Ўзи умуман Сенатдаги бугунги йиғилиш мазмуни кўпроқ қонунни ҳимоя қилиш, уни тўғрилигини таъкидлаш ва энг қизиғи журналист ва блогерларга дакки бериш учун ташкил қилингандай туюлди. Савол берган журналист ва блогер борки, деярли барчаси Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раисидан дакки эшитиб олди. Саволларга ҳам аниқ далиллар ва фактлар билан батафсил жавоб қайтарилмади, узуқ-юлуқ гаплар айтиш билан чекланилди. Айрим саволлар бутунлай жавобсиз қолди.

“Сиз тушунмайсиз, сиз билмайсиз, сиз нималар деяпсиз ўзи, сиз унақа деманг, сиз бунақа деманг, бунақа дейишга ҳаққингиз йўқ”, деган гаплар айтилди.

Хуллас, ажойиб йиғилиш ҳақида кўп гапирса бўлади, лекин энг муҳим жойига эътиборингизни қаратмоқчиман.

Масъуллар ва таклиф қилинган экспертлар халқнинг аксарият вакиллари Қонунчилик палатаси қабул қилган бу қонунни ўқимасдан, тушунмасдан танқид қилаётганини айтиб, дакки беришди, айниқса айрим блогерларга эътироз билдиришди. Айниқса, юридик олийгоҳлардан келган профессор-ўқитувчилар қонунни маъқуллашда жуда фаол бўлишди ва 90% дан кўпроқ одамни қонунни ўқимасдан ёзишда айблашди.

Жамоатчиликни тушунмасликда, ўқимасликда айблаётганларга бошқа саволим бор:

❓Барака топгурлар, хўп, халқ қонун матнини қаердан ўқисин? Қаердан кўриб, танишсин?

❓Қонунчилик палатаси қабул қилган қонунларини эълон қиладими? Йўқ!

❓Сенат кўриб чиқаётган ёки ҳаттоки маъқуллаган қонун матнларини эълон қиладими? Йўқ!

❓Ёки айнан шу қабул қилинган қонун матнини Ички ишлар вазирлиги эълон қилдими? Йўқ!

Абдулла Орипов шеърида ҳовуздаги тилла балиқча шу кўлмагини бутун дунё деб билганидек, жамоатчиликни тушунмасликда айблаётган ҳурматли профессорлар ҳам ўзи эксперт сифатида қонунни ўқиб кўргани учун, 36 миллион ўзбекистонликда ҳам шунақа имконият бор деб ўйлаяпти. Аммо минг афсуски, унақа эмас. Халқда бунақа имконият йўқ.

Жамоатчилик токи қонун имзоланиб, расман эълон қилинмагунча ҳеч қаердан қонун матнини топа олишмайди (бир-иккита ўта аҳамиятли қонунлар бундан мустасно).

Парламент учун қачон очилиш вақти келаркин?

Оғзимизни тўлдириб халқни айблашдан олдин, балки ўзимиз етарли ахборот беришни бошлармиз?

Қонун матнини бугун тўлиқ ўқиб кўришга имконим бўлди (бунгача фақат Қонунчилик палатаси мажлисидаги муҳокамани кўргандим) ва юрист ҳамда ахборот соҳаси вакили сифатида айтишим мумкинки, ушбу қонуннинг айнан фото ва видеони тарқатишга оид қисми қабул қилиниши жуда катта хато бўлади. Бу очиқдан-очиқ ҳақиқатга қарши курашувчи қонун бўлади, чунки бизда ёлғон ахборотни жазоловчи қонунлар шундоқ ҳам бор."

@media24uz канали:

"Ички ишлар вазирлиги амалдаги Конституция ва "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги қонунга қарши чиқмоқда, Сенат бунга нима деркин?

Гап яқинда катта муҳокамаларга сабаб бўлган норма ҳақида. Яъни Қонунчилик палатаси депутатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимларни тасвирга олганларни 15 суткагача қамаб қўйиш ҳақидаги қонун лойиҳасини маъқуллаб, Сенатга юборишган.

Ички ишлар органлари ҳақидаги қонуннинг 9-моддаси қуйидагича:
"Ички ишлар органлари ўз фаолиятини очиқ ва шаффоф тарзда, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқаролар, шунингдек оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда амалга оширади.

Жисмоний ва юридик шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда ички ишлар органларининг фаолияти ҳақида, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига бевосита дахлдор бўлган ҳаққоний ахборотни олиш ҳуқуқига эга, фойдаланилиши қонун билан чекланган ахборот бундан мустасно".

Конституциянинг 33-моддаси:
"Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга".

ИИВ маъмурий ва жиноий кодексларга йўл ҳаракати бўйича ўзгартишлар киритиш баҳонасида шу кичик нормани ҳам тиқиб кетган. Уларнинг устамонлиги шу ерда билинади. Агар бу лойиҳани Сенат қайтарса, йўл ҳаракати бўйича жарима балларию бошқа қоидалар ҳам бирга ортга сурилади.

Жарима баллари ўзи шундоғам 1 йилга кечиккан. ИИВ нега кечикканини изоҳлашни истамаган, давлат раҳбари топшириғини бажармаганига жўяли баҳона тополмаган. Балки бир йил давомида айнан шу 15 суткалик нормани қўшишни ўйлагандир.

Энди Сенат ўзида куч ва журъат топиб, ана шу кичик қоидани бекор қилиши, қонун лойиҳасини қайтариши керак бўлади. Ахир сенаторлар Конституция ва қонунга зид, президентнинг очиқлик сиёсатига қарши ва қолаверса, кодексларда бир неча марта такрорланувчи нормани тасдиқламаса керак".

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+