Депутат жарималарни кескин оширишни таклиф қилди
Унинг айтишича, тарихда одамлар умумий қоида ва қонунларни назар-писанд қилмай қўйса, қонунбузарлик учун жазоларни кескин кучайтириш самара берган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Одилжон Тожиев йўл қоидасини бузаётган ҳайдовчилар учун жарималарни бир неча марта ошириш кераклигини билдирди.
"Мана, мисол учун, пойтахтимизда радарлар ва светофорлар ўрнатилган кўчаларда ЙТҲларнинг сони кескин камайгани қайд этиляпти. Менимча, мамлакатимиз бўйлаб ҳақиқий, халқаро меъёрлардаги автострадалар қурилгунигача ҳозирги магистрал йўлларимизда тезликни 80, 90 км/соатгача чеклаб, қўшимча фоторадарлар ўрнатилсагина, босар-тусарини билмайдиган “лихач”ларимизни тарбияласак бўлади. Улар тўлайдиган жарималарни ҳам дадил, қўрқмасдан бир неча карра кўтарсак, халқимиз бундай қарорларни фақат олқишлаган бўларди, назаримда", деди депутат.
Тожиев бу ҳақдаги постини Тошкент вилоятида бирданига 6 та машина тўқнашиб кетиши ортидан ёзди. Унинг айтишича, тарихда одамлар умумий қоида ва қонунларни назар-писанд қилмай қўйса, қонунбузарлик учун жазоларни кескин кучайтириш самара берган.
"Бир сўз билан айтганда, йўлларимиздаги бошбошдоқликка чек қўйиш, одамлар ҳаётига зомин бўлаётган ЙТҲларга барҳам беришни кўзлаб, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жазоларни кескин кучайтирсак, жазонинг эса муқаррарлигини (замонавий техник воситалар ёрдамида) қатъий таъминласак мақсадга мувофиқ бўлар эди", деб ёзади у.