Қашқадарёда ичимлик сувида экин суғорган шахс қамоққа олинди
У ичимлик суви корхонасига 282 миллион сўмдан ошиқ зарар келтирган.
Қашқадарёда ичимлик сувида экин суғориб келган шахс 3 йилга қамалди.
Жорий йилнинг 4 октябр куни Жиноят ишлари бўйича Нишон туман судида шу туманнинг Балхияк қишлоғида яшовчи Ў.Aбдуллаевга нисбатан қўзғатилган жиноят иши кўриб чиқилди.
Маълум бўлишича, 2010 йилда деҳқон хўжалиги ташкил этган бу фуқаро "Талимаржон-Муборак" магистрал қувурига д-76 мм лик қувур орқали ноқонуний уланиб, ичимлик сувидан экинларни суғориб келган.
"Қашқадарё сув таъминоти" МЧЖ ходимлари томонидан ўтказилган рейд тадбирлари давомида унинг бу қилмиши фош бўлиб, жамиятга 282 716 280 сўм зарар етказганлиги аниқланган.
Суд тўпланган ҳужжатлар ва томонларнинг кўрсатмаларини ўрганиб, Ў.Aбдуллаевга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинланиб, ундан 282 716 280 сўм зарар ундириладиган бўлди ва суд залидан қамоққа олинди, дейилади хабарда.