Президент Нурбек Эргашевни “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тадбиркор” фахрий унвони билан мукофотлади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Қашқадарёда йиғилиш ўтказилмоқда. “Ёш китобхон оила” республика танлови ғолиблари Бахтишод Рашидов ва Эъзоза Хушвақтовага Тошкент шаҳридан икки хонали янги хонадонлар совға қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Қашқадарёда йиғилиш ўтказилмоқда.
Давлатимиз раҳбари “Sultonteks” кластери раҳбари Нурбек Эргашевнинг энергия ва сувни тежайдиган замонавий корхонаси фаолияти билан танишганини айтди. Тадбиркорнинг 2028 йилгача яна 30 минг кишини иш билан таъминлаш, айниқса, аёллар учун кўпроқ имконият яратиш режалари қўллаб-қувватланди.
Президентимиз Нурбек Эргашевга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тадбиркор” фахрий унвонини бериш тўғрисидаги фармонга имзо қўйганини билдирди.
Қамаши туманидаги Чим маҳалласида сулолавий лимончилик мактабини яратиб, аҳоли даромадини оширишга ҳисса қўшаётган Абдуманноп Худойбердиевга ҳам “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” унвони берилади.
Қашқадарёда маърифатни тарғиб этаётган “Mutolaa” лойиҳасининг бош муҳаррири Жавлон Жовлиевнинг меҳнати ҳам эътироф этилди. Унга, шунингдек, “Ёш китобхон оила” республика танлови ғолиблари Бахтишод Рашидов ва Эъзоза Хушвақтовага Тошкент шаҳридан икки хонали янги хонадонлар совға қилиниши айтилди.
Давлатимиз раҳбари мазкур мукофотларни шу ернинг ўзида топширишни таклиф этди.
Қашқадарёда йилнинг тўққиз ойида саноат 8,4 фоиз, хизматлар 16,6 фоиз, қишлоқ хўжалиги 4,9 фоизга ўсди. Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари ҳозирги натижалар билан вилоятнинг мавжуд салоҳияти ўртасида ҳали катта фарқ борлигини кўрсатиб ўтди.
Аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари бўйича вилоят республикада еттинчи, хизматлар бўйича тўққизинчи, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш ҳажми бўйича ўн биринчи ўринда. Президентимиз туман ҳокимлари ва банклар “билимга – рағбат, меҳнатга – имконият, ташаббусга – мадад” берадиган муҳит яратса, Қашқадарё бир-икки йилда энг илғор ҳудудлар қаторига чиқиши мумкинлигини таъкидлади.
Саноатда янги босқичга ўтиш учун вилоятда етарли ресурс бор. Газ, электр ва ер ости бойликларини даромадли иш ўринлари ҳамда юқори қўшилган қийматга айлантириш вазифаси қўйилди.
“GTL” заводида қиймати 300 миллион доллар бўлган учта йирик лойиҳа тайёр. Заводдан олинадиган 430 минг тонна нафта асосида янги полимерлар ва нефть-кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича 1,5 миллиард долларлик лойиҳани амалга ошириш мумкин. Деҳқонобод калий заводи қувватини 365 минг тоннадан 600 минг тоннага етказиш имконияти, кичик тоннажли кимё йўналишида эса 830 миллион долларлик 30 дан ортиқ лойиҳавий таклиф бор.
Вилоятга тайинланган лойиҳа менеджери ва бошқа масъулларга 20 миллиард долларлик лойиҳалар ва 50 минг иш ўрнини қамраб оладиган уч йиллик дастур тайёрлаш топширилди.





