Фарғонада чегарачилар ва аҳоли тўқнашди, қурбонлар бор

Мазкур ҳолат бўйича тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан текширув ишлари олиб борилмоқда.

Жамият
16 октябрь 2023 йил
Фарғонада чегарачилар ва аҳоли тўқнашди, қурбонлар бор

Жорий йилнинг 16 октябрга ўтар кечаси Фарғона тумани “Водил” аҳоли пунктида ўз хизмат вазифасини ўтаётган Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан “Бўстон” маҳалла ҳудудидан ҳаракатланиб келаётган маҳаллий фуқаролар А.М. ва О.Ю. исмли шахслар бошқарувидаги машина тўхтатилиб, белгиланган тартибда кўрикдан ўтказилганида салон қисмида мамлакат ҳудудига ноқонуний равишда олиб кирилган товар-моддий бойликлари борлиги аниқланган.

Ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Чегара қўшинлари бўлинмасига бориш таклиф этилганида, фуқаролар А.М. ва О.Ю. ҳамда воқеа содир бўлган ҳудуд яқинида йиғилган уларнинг ўн нафарга яқин шериклари, спиртли ичимлик таъсирида ҳарбий хизматчиларнинг қонуний талабларига бўйсунмаганлар ва чегарачиларга фаол қаршилик кўрсатиб, уларга нисбатан куч ишлатишган.

Натижада ҳарбий хизматчилар турли кўринишдаги тан жароҳатларини олган. Қаршилик кўрсатаётган кучлар тенг келмаганлиги боис, чегарачилар фуқароларнинг ноқонуний ҳаракатларини тўхтатиш мақсадида огоҳлантирувчи ўқ узишига қарамасдан, улар ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатларини давом эттирганлар.

Огоҳлантиришдан тўғри хулоса қилмай, ҳарбий хизматчиларга фаол қаршилик кўрсатишда давом этган фуқароларнинг икки нафари қурол қўлланилиши натижасида воқеа жойида вафот этган. 

Мазкур ҳолат бўйича тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан текширув ишлари олиб борилмоқда.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+