Самарқандда туризм бўйича йирик тадбир ўтказилади
Унда 130 дан ортиқ давлат вакиллари, жумладан, 79 нафар туризм вазири иштирок этади.
Самарқанд шаҳрида 16-20 октябр кунлари Жаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) бош ассамблеясининг тарихий 25-йиғилиши бўлиб ўтади.
Silk Road Samarkand сайёҳлик мажмуасида ташкил этилаётган йиғилишда 130 дан ортиқ давлат вакиллари, жумладан, 79 нафар туризм вазири иштирок этади, дея хабар бермоқда Platina.uz мухбири.
UNWTO бош ассамблеяси доирасида Самарқандда халқаро инвестиция форуми, халқаро таълим форуми, “Энг яхши туризм қишлоқлари”ни тақдирлаш маросими, шунингдек, қатор ялпи сессиялар ва маданий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
Қайд этиш жоиз, 2021 йилда Испанияда бўлиб ўтган UNWTO бош ассамблеясида Ўзбекистон Португалия ва Миср билан рақобатда ғолиб бўлган ва навбатдаги йиғилиш ўтказилиши учун танланган эди.