Сафина Садуллаева Осиё ўйинларида зафар қучди, Радзивил эса иккинчи ўринда
Футбол бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси эса қақшатқич мағлубиятга учради.
Енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Сафина Садуллаева ҳамда Светлана Радзивил баландликка сакраш дастурида медаллар учун кураш олиб боришди.
Қувонарлиси, олтин ва кумуш медаллар ҳар икки юртдошимизга насиб этди. Садуллаева олтин, Радзивил еса кумуш медал соҳибига айланди. Кучли учликни қозоғистонлик Надежда Дубовицкая якунлаб берди. Эътиборлиси, ғолиб ва совриндорлар бир хил 1.86 метр натижа қайд этишган. Шоҳсупдаги ўринлар уринишлар сонига қараб тақсимланди.
Осиё ўйинларида дебют қилаётган футбол бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ярим финал учрашувини ўтказди. Ушбу босқичда жаҳоннинг кучли жамоаларидан бири КХДРга қарши баҳс олиб борган ҳамюртларимиз 0:8 ҳисобида имкониятни бой беришди. Энди футболчиларимиз 6 откябр куни Хитой ҳамда Япония жуфтлигида мағлуб бўлган жамоа билан бронза медали учун майдонга чиқишади.
Бокс бўйича Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси аъзоси Aбдумалик Халоков ярим финал йўлланмасини қўлга киритди. -57 кг вазн тоифасида иштирок этаётган ҳамюртимиз чорак финалда Токио-2020 Олимпиадаси финалчиси филиппинлик Карло Паламни мусобақадан чиқариб юборди ва ўзи учун шоҳсупадан жой нақд қилди.