Осиё ўйинлари: кун Ўзбекистон учун омадли бошланди
Байдарка ва каноэда эшкак эшиш басларининг сўнгги старти Ўзбекистон терма жамоаси учун омадли кечди.
Қизғин тус олаётган Осиё ўйинларининг навбатдаги куни ўзбекистонликлар учун омадли бошланди.
Велошоссенинг шахсий пойга дастурида иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Олга Забелинская олтин медални қўлга киритди. 18.3 км масофага кечган пойгада ҳамюртимиз 24:36.99 дақиқа натижа кўрсатди.
Шунингдек, 1000 метрга каноэчи йигитлар ўртасида кечган пойгада Шоҳмурод Холмуродов ҳамда Нурислом Тўхтасин ўғли жуфтлиги марра чизиғини биринчи бўлиб кесиб ўтди ва олтин медалга сазовор бўлишди.
Байдаркада эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоасидан яна бир медал. 500 метрга кечган дастурда Шаҳризода Мавлонова, Aрина Танатмишева, Екатерина Шубина ҳамда Юлия Борзова квартети марра чизиғини учинчи бўлиб кесиб ўтди ва бронза медалига сазовор бўлди.
Байдарка ва каноэда эшкак эшиш басларининг сўнгги старти Ўзбекистон терма жамоаси учун омадли кечди. Унда аёллар ўртасида 200 метрга каноэда эшкак эшиш бўйича жуфтлик баҳслари бўлиб ўтди. Мазкур дастурда стартга чиққан Шоҳсанам Шерзодова ва Нилуфар Зокирова жуфтлиги бронза медалини қўлга киритди.