Президент Осиё ўйинлари ғолибларини табриклади
Давлат раҳбари 2024 йил Парижда бўлиб ўтадиган 33-олимпия ўйинларида ҳам юксак чўққилар забт этилишига ишонч билдирди.
Шавкат Мирзиёев Осиё ўйинларида энг яхши натижа қайд этган Ўзбекистон спортчиларига табрик йўллади.
"Осиё қитъасининг 45 та давлатидан 11 минг нафар спортчи иштирок этган бу мусобақаларда миллий терма жамоамиз аъзолари ўзларининг беқиёс маҳорати, ғайрат ва матонатини, ғалабага бўлган юксак интилиш ва иродасини намоён этиб, 22 та олтин, 18 та кумуш ва 31 та бронза медалини қўлга киритганлари ҳар қандай таҳсинга сазовордир", дейилади табрикда.
132 нафар спортчи жами 71 та медални қўлга киритиб, ўтган Осиё ўйинларига нисбатан рекорд натижани қайд этишди. Улар умумжамоа ҳисобида Хитой, Япония, Жанубий Корея ва Ҳиндистондан кейин бешинчи ўрин билан мусобақани якунлади.
"Йирик халқаро спорт беллашуви – Осиё ўйинларида қўлга киритган тарихий натижаларингиз билан сизларни яна бир бор самимий қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, келгуси фаолиятингизда янги-янги зафарлар, оилаларингизга бахту саодат тилайман", деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари 2024 йил Парижда бўлиб ўтадиган 33-олимпия ўйинларида ҳам юксак чўққилар забт этилишига ишонч билдирди.