Шавкат Мирзиёевнинг "Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон" китоби Иорданияда тақдимот қилинади
Китобда замонавий дунёда кечаётган мураккаб геосиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва экологик жараёнлар, инсоният олдида турган глобал муаммолар ҳамда уларни ҳал этишда давлатлар зиммасидаги вазифалар чуқур таҳлил қилинган. Асарнинг асосий ғояси — инсон қадрини улуғлаш, халқ манфаатларини таъминлаш, ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя қилиш, ҳар бир фуқаро учун муносиб ҳаёт ва тараққиёт имкониятларини яратишдан иборат.

19 ноябрь куни Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон" номли асари тақдимоти бўлиб ўтади.
Мазкур тадбир Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёт йўли, кенг кўламли ислоҳотлари, иқтисодий ва ижтимоий салоҳияти, бой тарихий-маданий мероси ҳамда мамлакатнинг халқаро майдонда илгари сураётган тинчликсевар ташаббусларини Иордания жамоатчилигига кенг танитишга қаратилган.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йилда нашр этилган "Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон" китоби амалга оширилган ислоҳотлар сарҳисоби эмас. Унда замонавий дунёда кечаётган мураккаб геосиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва экологик жараёнлар, инсоният олдида турган глобал муаммолар ҳамда уларни ҳал этишда давлатлар зиммасидаги вазифалар чуқур таҳлил қилинган.
Асарнинг асосий ғояси — инсон қадрини улуғлаш, халқ манфаатларини таъминлаш, ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя қилиш, ҳар бир фуқаро учун муносиб ҳаёт ва тараққиёт имкониятларини яратишдан иборат.
Муаллиф мамлакат тараққиётини фақат иқтисодий кўрсаткичлар ёки ишлаб чиқариш ҳажми билан баҳолаш мумкин эмаслигини таъкидлайди. Асл юксалиш инсоннинг ҳаёт сифати, билим ва салоҳияти, ҳуқуқлари, ижтимоий ҳимояси ҳамда жамиятдаги адолат ва ишонч муҳити билан белгиланади.
Китобда илгари сурилган "Давлат — инсон учун" тамойили Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришларнинг бош мезони сифатида намоён бўлади. Таълим, илм-фан, соғлиқни сақлаш, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва давлат бошқарувини такомиллаштириш каби йўналишлар ягона стратегик мақсад — инсон манфаатларига хизмат қиладиган адолатли ва фаровон жамиятни барпо этиш ғояси атрофида бирлаштирилган.
Бугун Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлар иқтисодиётнинг барча тармоқларини қамраб олган. Мамлакатда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, инвестициявий муҳитни яхшилаш, хусусий сектор ва тадбиркорликни ривожлантириш, саноатни модернизация қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва ҳудудларни комплекс тараққий эттиришга устувор аҳамият қаратилмоқда.
Иқтисодий ўсиш суръатлари ушбу ислоҳотларнинг амалий натижаларини кўрсатмоқда. 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 7,7 фоизга ўсиб, қарийб 147 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Ташқи савдо айланмаси 81,2 миллиард долларга етди, хорижий инвестициялар ҳажми эса 43 миллиард доллардан ошди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг "Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон" асари турли мамлакатлардаги китобхонлар ва халқаро жамоатчилик эътиборини қозонмоқда. Китоб араб, инглиз, итальян, рус ва урду тилларига таржима қилиниб, кенг халқаро аудиторияга тақдим этилгани унинг ғоявий-маърифий аҳамияти ва турли халқлар ўртасида мулоқот ўрнатишдаги ўрнини намоён этади.
Асарнинг Иорданияда тақдим этилиши, аввало, араб жамоатчилигини Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт концепцияси, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва мамлакатнинг халқаро майдондаги позицияси билан яқиндан таништириш имконини беради.
Шунингдек, тадбир икки мамлакат олимлари, зиёлилари, журналистлари, маданият вакиллари ҳамда экспертлари ўртасида фикр алмашиш, илмий-маърифий ҳамкорликни кенгайтириш ва янги қўшма лойиҳалар учун мулоқот майдони бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.
Тақдимот доирасида Ўзбекистоннинг иқтисодий ва инвестициявий имкониятлари, тарихий-маданий мероси, диний-маърифий салоҳияти, туризм йўналишлари ҳамда Иордания билан ҳамкорликнинг янги истиқболларига алоҳида эътибор қаратилади.





