Юқори тезликдаги автомагистрал қурилади
Доҳа шаҳрида Power International компанияси бошқаруви раиси билан учрашувда шу ҳақда сўз борди.
Ўзбекистонда Power International Holding компанияси билан ҳамкорликда юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган автомобил магистрали барпо этилади.
Шавкат Мирзиёев бугун, 1 октябрь куни Доҳа шаҳрида компания бошқаруви раиси Мутаз ал-Ҳаййат билан учрашган.
Шунингдек, аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, ишбилармонлик ва меҳмонхона инфратузилмаси, соғлиқни сақлаш объектларини ташкил этиш каби лойиҳалар ҳам муҳокама қилинган.
Айни пайтда компания билан ҳамкорликда Жиззах вилоятида келгусида минтақанинг энг катта агросаноат мажмуаси бўладиган замонавий чорвачилик кластери қурилмоқда.
Компания тез орада Ўзбекистонда ўз офисини очиши режалаштирилган.
Power International — дунёнинг 19 та мамлакатида энергетика, нефть-кимё, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт инфратузилмаси, соғлиқни сақлаш, туризм каби соҳаларда фаол иш олиб бораётган Қатарнинг энг йирик миллий холдингидир.