Қатар компанияси Ўзбекистонда 4 та йирик лойиҳани молиялаштирмоқда
Шавкат Мирзиёев бугун компания бошқаруви раиси Муҳаммад ал-Ҳажрий билан учрашган.
Сиёсат
1 октябрь 2023 йил
Қатарнинг Nebras Power компанияси Ўзбекистоннинг 4 та ҳудудида йирик энергетик лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Шавкат Мирзиёев бугун, 1 октябр куни компания бошқаруви раиси Муҳаммад ал-Ҳажрий билан учрашган. Учрашувда энергетика, муқобил энергетикада янги лойиҳаларни илгари суриш бўйича ҳамкорлик масаласи кўриб чиқилган.
Хусусан:
- Сирдарё вилоятида буғ-газ технологиялари асосида қуввати 1,6 ГВт бўлган замонавий электр станцияси қурилиши бошланган;
- Сурхондарё вилоятида иссиқлик электр станциясини барпо этиш лойиҳаси якунланмоқда;
- Тошкент вилоятида 600 МВт қувватли энергия сақлаш тизимлари яратилади;
- Қорақалпоғистонда 1 ГВт қувватли шамол электр станцияси ишга туширилади.
Музокарада узоқ муддатли шериклик дастурини қабул қилиш, энг аввало “яшил” энергетикага доир истиқболли лойиҳаларни киритиш бўйича келишувга эришилган.
Маълумот учун, Nebras Power – Қатарнинг етакчи энергетика корпорацияси бўлиб, ўндан зиёд мамлакатда йирик лойиҳаларни амалга оширган.