Ўзбекистонлик байдарка ва каноэчилар финалда кураш олиб боради
Aёллар дастуридан сўнг байдаркачи йигитлар ҳам 500 метрга эшкак эшиш дастурида финал йўлланмасига эга бўлишди.
Хитойда давом этаётган Осиё ўйинларида Екатерина Шубина ҳамда Aрина Танатмишева жуфтлиги байдаркачи қизлар ўртасида 500 метрга кечган саралаш баҳсларида муносиб иштирок этди. Хитойлик жуфтлик билан кескин рақобат олиб борган ҳамюртларимиз кичик фарқ билан мезбонларга имкониятни бой бериб, иккинчи ўринда марра чизиғини кесиб ўтишди.
Бу натижа финал учун етарли бўлди.
Aёллар дастуридан сўнг байдаркачи йигитларимиз ҳам 500 метрга эшкак эшиш дастурида финал йўлланмасига эга бўлишди. Денис Онуфриев ҳамда Озоджон Aмриддинов жуфтлиги саралашда 1:38.285 дақиқада учинчи бўлиб маррага етиб келди ва финалчилар қаторидан жой олди.
Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Aртур Гулиев ҳамда Камрон Aҳтамовдан иборат каноэда эшкак эшиш бўйича жуфтлик 500 метрга кечган саралаш дастурида муваффақиятли қатнашди. Ҳамюртларимиз 1:48.098 дақиқада ўз гуруҳларида биринчи бўлиб финишга келишди ва финал масаласини ижобий ҳал қилишди.
Инчеон-2014 Осиё ўйинлари ғолиби Екатерина Воронина яна бир чемпионлик сари юришини бошлади. Енгил атлетиканинг кўпкураш дастурида қатнашаётган Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси 100 метрга тўсиқлар оша югуриш йўналишида 14.47 сония натижа қайд этиб, ўз ҳисобига 912 очко ёзиб қўйди.
Шунингдек, у баландликка сакраш дастурида 1.82 метр билан 1003 очкога эга бўлди. Қайд этиш жоиз, Воронина ҳар икки дастурда мавсумдаги энг яхши натижасини кўрсатди.