Тан олинмаган Қорабоғ республикаси тугатилмоқда
Фармонда, шунингдек, аҳоли Қорабоғда қолиш-қолмаслигини ўзлари ҳал қилиши мумкинлиги айтилган.
Тан олинмаган Қорабоғ республикаси раҳбари Самвел Шаҳраманян тузилманинг мавжудлигини тугатиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Самвел Шаҳраманяннинг фармонига кўра, тан олинмаган республика 2024 йил 1 январдан ўз фаолиятини тўхтатади. Фармондан келиб чиққан ҳолда, тузилманинг барча давлат органлари ва муассасалари тугатилиши керак.
Фармонда, шунингдек, аҳоли Қорабоғда қолиш-қолмаслигини ўзлари ҳал қилиши мумкинлиги айтилган.
Республикани тарқатиб юбориш тўғрисидаги қарор 2023 йил 19 сентабрдан кейин юзага келган вазиятдан келиб чиққан ҳолда қабул қилинди, деб ёзади “Aрменпресс” Тоғли Қорабоғ ахборот штабининг баёнотига таяниб.
Ўша куни Озарбайжон Тоғли Қорабоғда "конституциявий тузумни тиклаш" мақсадида "маҳаллий аксилтеррор чоралари" бошланганини эълон қилганди. Операция натижасида тан олинмаган республика таслим бўлди.