platina.uz

Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги кескин баёноти: у нимадан далолат?

Қорабоғ сайлови ҳақидаги баёнот ҳамда Россия, Туркия, Эрон ва бошқа давлатлар билан муносабатлар ҳақида сиёсий шарҳ.

Сиёсат
13 сентябрь 2023 йил
Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги кескин баёноти: у нимадан далолат?

Маҳаллий арманлар Арцах ёки тан олинмаган Тоғли Қорабоғ деб атайдиган, аслида ҳуқуқий нормалар ва шартномаларга кўра Озарбайжоннинг сиёсий-маъмурий бирликларидан ҳисобланувчи Қорабоғда жорий йилнинг 9 сентябр куни навбатдаги сиёсий провокация амалга оширилди. Бу ерда, қўштирноқ ичидаги президент сайловлари ўтказилиб, Самвел Шахраманян исмли шахс янги президентга айланди.

Охирги йилларда ташқи сиёсатга ҳам эътибор қаратаётган, минтақада ва умуман дунё ҳамжамияти орасида ўз овозига эга бўлиб бораётган янги Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги бу воқеага ўз муносабатини билдирди. Вазирлик “Ўзбекистон дўст Озарбайжоннинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қатъий қўллаб-қувватлайди, унинг ички ишларига ҳар қандай аралашувни қоралайди ва 2023 йил 9 сентябрь куни Қорабоғда ўтказилган қўштирноқ ичидаги президент сайловларини тан олмайди”, дея баёнот берди.

Дипломатияга хос лўнда ва аниқ бу баёнот тагида улкан маъно ва ҳақиқатлар бор. Айниқса қўштирноқ ичидаги сайловлар (инглизчаси – “so-called elections”, русчаси “так называемые выборы”) дея берилганининг ўзиёқ бу сайловларнинг ҳеч қандай легитимликка эга эмаслигини таъкидлаяпти. Зеро, Ўзбекистон БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида кўплаб халқаро актларни имзолаган ва ратификация қилган. Халқаро ҳуқуқ нормаларини тан олади ва уларга риоя қилади. Жумладан, халқаро миқёсда тан олинган давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини, бўлинмаслигини ҳурмат қилади.

Баёнотдаги “дўст Озарбайжон” жумласи ишлатилгани ҳам катта эътиборга молик. Ташқи сиёсатдаги дўстлик иқтисодий манфаатлар асосида қурилган ёки шунчаки қўшничилик сиёсати тақозо қиладиган дўстликдан кўра кучлироқ маънога эга. Бу икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг туркий тилли давлатларнинг сўнгги йилларда фаоллашаётган ҳамкорлиги доирасида, шунингдек, бошқа бир қатор ички ва ташқи сиёсий омиллар таъсирида мустаҳкамланиб ҳамда жипслашиб бораётганининг ўзига хос эътирофи ҳамдир.

Мазкур баёнотда Ўзбекистон Озарбайжоннинг ички ишларига ҳар қандай аралашувни қоралаши алоҳида таъкидлангани ҳам чуқур сиёсий таҳлилга сабаб бўлади. Бу билан Ўзбекистон ҳуқумати аввало бир гуруҳ айирмачиларнинг Озарбайжон ҳукумати легитимлигини тан олмасдан, ўзларича қандайдир қалбаки сайловлар ўтказишини озарлар давлати ички ишига аралашув, дея баҳоламоқда. Баёнотдан бироз четга чиққан ҳолда фикрлайдиган бўлсак, Озарбайжон ичи ишларига аралашув дейиш орқали мазкур ҳудуддаги сиёсий-ижтимоий можароларда ташқи ўйинчиларнинг ҳам аралашуви мавжудлигига нозик ишора мавжудлигини пайқаш мумкин.

Қолаверса, арман миллатига мансуб лоббистлар, катта сиёсий ва ижтимоий кучга эга бир қатор Ғарб давлатлари, жумладан, Европа Иттифоқи парламенти ҳамда АҚШ Давлат департаменти ҳам Қорабоғда ўтказилган бу “президентлик сайловлари”ни, ҳаттоки Тоғли Қорабоғни ҳам давлат сифатида тан олмаслиги ҳақида баёнот берди.

Ўзини Тоғли Қорабоғ деб атайдиган Озарбайжон ҳудудида кутилмаганда бундай “сайловлар”нинг ўтказилиши эса минтақадаги тарихий воқеалар, кўп жиҳатдан эса шу кунларда рўй бераётган сиёсий ва ҳарбий жараёнлар ҳосиласи бўлди, деб айтиш мумкин. Қўштирноқ ичидаги мазкур сайловлардан аввалроқ, 31 август куни арман айирмачиларнинг аввалги етакчиси бўлмиш Араик Арутюнян истеъфога чиқишини маълум қилган эди. Арутюняннинг ўзи айтишича, у “ички ва ташқи ўйинчилар ҳамда кенг жамоатчилик” билан мулоқотларга мувофиқ шундай қарорга келган.

Арутюняннинг ташқи ўйинчилар деганда кимларни назарда тутгани қоронғу, фақат бу ўйинчилар орасида Арманистон ва Европа Иттифоқи турганини тахмин қила оламиз, холос. Бироқ, юқорида айтилганидек, на Европа Иттифоқи, на Арманистон мазкур “республика” ва “сайловларни” тан олади. Ҳатто Арманистон бош вазири Пашинян ҳам Озарбайжоннинг ҳудудий тан олиш ва шу орқали минтақада тинчликни ҳамда муаммосиз иқтисодий-сиёсий алоқаларни тиклаш арафасида турибди. Чунки Пашинян ҳам бу можароли ҳудудга маънавий ва моддий инвестиция киритиш ўзини оқламаслигини, Арманистон тараққиёти ва халқаро обрўси учун хизмат қилмаслигини яхши тушунади.

Бу ерда ташқи ўйинчилар деганда Россияни истисно қилиш мантиққа зид келмайди. Зеро, охирги пайтларда, хусусан, иккинчи Қорабоғ урушида Россия ва унинг дефакто раҳбарлигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) Арманистонга ёрдам беришни истамади. Ундан кейинги можароларда ҳам Арманистонни қўллаб, Озарбайжонга қарши боришни истамаяпти. Чунки бундай қадамлар Озарбайжоннинг асосий сиёсий ва ҳарбий кўмакчиси бўлган Туркиянинг “жиғига тегиш” бўлиб кўринади. Украинага уруш очган ва халқаро майдонда деярли яккаланиб қолган Россия учун эса ўзини нейтрал воситачи сифатида тақдим этаётган Туркия билан муносабатлар Арманистоннинг шубҳали ва қонундан ташқари ҳарбий-сиёсий манипуляцияларидан қимматлироқ тавсифга эга. Гарчи Арманистоннинг Гюмри шаҳрида Россиянинг 102-ҳарбий базаси жойлашган бўлса-да, расмий Москва доимо ўзини Арманистон билан яқин иттифоқчи сифатида таъкидласа-да, бундай нозик масалада узоқни кўрмасдан иш тутиш нафақат Туркия, балки Озарбайжон билан ҳам муносабатларни ёмонлаштириши ва Россия таъбири билан айтганда, Бокуни “Ғарб қучоғига итариши” мумкин.

Шундай шароитда “Арцах”нинг, амалда эса Арманистон шикоятларини ким тинглайдию, ким унга ёрдам беришга тайёр? Майдонда фақат мавҳум бўлса-да, билвосита манфаатга эга Эрон қолмоқда. Эрондаги озарбайжонлар муаммоси, расмий Бокунинг Исроил билан яқин алоқалари Эрон учун “карт бланш” беради, деган тахминлар мавжуд. Бироқ ички сиёсий норозиликлар, минтақадаги нозик вазият Эронни бу қадам ташлашдан тия олади, деб айта оламиз. Қолаверса, Хитой воситачилигида бир амаллаб Саудия Арабистони билан алоқалар тикланаётган бир пайтда яна бир “душманона” кайфият ўчоғини яратиш Эронга ҳам зарур эмас.

Қолаверса, Озарбайжон ва Арманистон чегараларига қўшин ташлаганига Туркия ҳам кескин жавоб берди. Расмий Анқара “Агар Эрон Арманистонга ёрдам беришга уринса, Туркия Озарбайжонга тўлақонли ҳарбий ёрдам кўрсатади” дея кескин баёнот берди.

Абулфайз Сайидасқаров шарҳлади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+